Янгийўл туманида электр таъминоти яхшиланмоқда (+Видео)
Шу кунларда Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 27 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишига асосан Янгийўл туманида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.
Президент топшириғи амалда
Ҳудудда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларини таъмирлаш ва модернизация қилиш ишлари изчил давом этмоқда.

Айни пайтда 52 мингдан ортиқ истеъмолчи электр энергияси билан таъминланяпти. Мавжуд электр хўжалиги 422 та трансформатор пункти ҳамда умумий узунлиги 1 минг 356,9 километр бўлган 10/6/0,4 киловольтли электр узатиш тармоқларини қамраб олган. Жойларда ўтказилган техник ўрганишлар натижасида 422 та трансформатор пунктининг 234 таси таъмирталаб экани аниқланди. Шундан 183 таси “сариқ”, 51 таси эса “қизил” тоифага киритилган. Шунингдек, умумий узунлиги 144,3 километр бўлган электр тармоқларни ҳам таъмирлаш зарурлиги белгиланди.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил қилинган бўлиб, 155 нафар мутахассис ҳамда 20 дан ортиқ таъмирлаш бригадаси жалб этилди. Улар зарур махсус техника ва жиҳозлар билан таъминланди. Таъмирлаш ишлари учун ҳозиргача турли қувватдаги 12 та трансформатор, 16 та 10 киловольтли ажраткич ҳамда мингдан ортиқ эҳтиёт қисмлари етказиб берилди.
— Жорий йил 1 август ҳолатига кўра, трансформатор пунктларининг 160 тасида таъмирлаш ишлари якунланди, — дейди Янгийўл тумани электр таъминоти раҳбари Иброҳим Нўғмонов. — Шунингдек, умумий узунлиги 55,2 километр бўлган электр узатиш тармоқлари ҳам соз ҳолга келтирилди. Бундан ташқари, электр энергияси учун дебитор қарздорликни қисқартириш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, туманда 11 миллиард 522 миллион сўмлик қарздорлик ундирилди. Шундан 10 миллиард 876 миллион сўми аҳоли, 646 миллион сўми эса улгуржи истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келади.

“Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими”(ASKUE)нинг самарадорлигини ошириш юзасидан ҳам ишлар давом этмоқда. Уч кун мобайнида алоқага чиқмаган 189 та электрон ҳисоблагичнинг ишлаши қайта тикланди. Шунингдек, алмаштирилиши лозим бўлган 3 минг 482 та ҳисоблагичнинг 614 таси янгисига алмаштирилди. Рейд тадбирлари давомида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 86 та ҳолат аниқланиб, 321 минг киловатт-соат электр энергиясининг ноқонуний сарфига чек қўйилди.
Масъулларнинг таъкидлашича, амалга оширилаётган ишлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини узлуксиз ҳамда сифатли электр энергияси билан таъминлаш, тармоқлардаги техник йўқотишларни камайтириш ва энергетика инфратузилмаси ишончлилигини янада оширишга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА