Имтиёзли кредитлар балиқчилик тармоғи ривожига хизмат қилмоқда
Мамлакатимизда балиқчилик тармоғини замонавий технологиялар асосда ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва соҳага инвестицияларни жалб этишда халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик кенгаймоқда.
Жумладан, Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) иштирокида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган 73 та балиқчилик хўжалигига имтиёзли кредитлар ажратилди. Ушбу маблағлар ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, интенсив балиқ етиштириш технологияларини жорий этиш, замонавий ускуналарни харид қилиш ҳамда балиқчилик хўжаликлари инфратузилмасини такомиллаштиришга йўналтирилмоқда.
Мазкур 12 миллион доллардан ортиқ имтиёзли молиявий ресурс тадбиркорларнинг ўз маблағлари билан биргаликда умумий қиймати 28 миллион 852 минг долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имконини берди. Бу эса соҳага хусусий капитал оқимини рағбатлантириш билан бирга, янги иш ўринлари яратиш ва ички бозорни сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, балиқчилик каби узоқ муддатли инвестиция талаб қиладиган соҳалар учун паст фоизли ва узоқ муддатли молиявий ресурслар алоҳида аҳамиятга эга. Ана шундай кредитлар тадбиркорларга ишлаб чиқаришни барқарор йўлга қўйиш, янги технологияларни жорий этиш ва маҳсулот таннархини пасайтириш имконини яратади.
Шунингдек, мазкур лойиҳалар сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, интенсив балиқ етиштириш технологияларини оммалаштириш, озуқа базасини такомиллаштириш ва маҳсулотларни қайта ишлаш қувватларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилмоқда. Бу эса соҳанинг рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА