Янгиҳаётдаги янгиланишлар жойига чиқиб ўрганилди
Халқ вакилларининг жойлардаги ўрганишлари ўз ечимини кутаётган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш ҳамда масъуллар эътиборини муаммоларга қаратишда муҳим аҳамият касб этади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги маҳаллаларда бўлиб, фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббуслар ҳамда ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳолатини ўрганди.
Дастлаб “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида аҳоли томонидан таклиф этилган манзиллар жойига чиқиб кўздан кечирилди. Манзарали дарахтлар экиш режалаштирилган ҳудудлардаги ер майдонларининг ҳолати ва кўлами ушбу мақсад учун етарли экани, шунингдек, аҳолининг мазкур ташаббусга қизиқиши юқорилиги қайд этилди. Жараёнда фуқароларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

Шунингдек, “Ташаббусли бюджет”нинг баҳорги мавсумида ғолиб деб топилган ташаббус доирасида маҳаллада спорт ва болалар майдончасини барпо этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати кўздан кечирилди. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида аҳоли томонидан билдирилган таклифлар инобатга олинаётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқ вакили ўрганишлар давомида Янгиҳаёт тумани ҳокими ва ҳокимликнинг масъул ходимлари билан учрашиб, аниқланган масалалар ҳамда аҳоли таклифларини муҳокама қилди. Фуқароларнинг ташаббуслари ва таклифларини самарали амалга ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
М.Комилова,
ЎзА