Ўзбекистон ва Покистон: олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминланади
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасида олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижроси парламент назорати тартибида муҳокама қилинди.
Инвестициялар, саноат ва савдо, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва геология, рақамли технологиялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳалари, енгил саноат, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, темир йўл транспорти, фармацевтика, илм-фан, савдо-саноат ҳамда бошқа йўналишларга масъул вазирлик ва идоралар вакилларининг ахборотлари эшитилди.
Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси вакили ҳам ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари юзасидан ахборот берди.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилиб, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инвестициялар, транспорт-логистика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, таълим, фан ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар изчил ривожланаётгани қайд этилди.

Президентимизнинг 2026 йил 5 - 6 февраль кунлари Покистонга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 апрелдаги 174 - сонли қарори билан тегишли “йўл харита”лари тасдиқланган. Унда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши, амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари кўриб чиқилди.
Муҳокама давомида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича муайян ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, айрим вазифалар ижросида кечикишлар, масъул ижрочилар ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурати ҳамда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди.

Келишувлар ижросини фақат амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлар билан эмас, балки аниқ амалий натижалар билан баҳолаш муҳимлиги таъкидланди.
Айрим келишувларни амалга оширишда Покистон томони билан ҳамкорликда ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни шакллантириш ва парламентлараро мулоқот доирасида муҳокама қилиш зарурлиги қайд этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА