Ҳудудларга 60 та электр чиқинди ташувчи махсус техника етказиб берилди
Чиқиндиларни бошқариш тизимини модернизация қилиш, санитария хизматлари сифатини ошириш ва ҳудудларда тозаликни таъминлаш мақсадида жорий йилда республика бўйлаб санитар тозалаш корхоналарига замонавий махсус техника ва ускуналар етказиб берилмоқда.
Уларнинг орасида Ўзбекистонга илк бор олиб кирилган электр энергиясида ҳаракатланувчи чиқинди ташувчи машиналар ҳам бор.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилда ҳудудлардаги санитар тозалаш корхоналарига лизинг асосида 53 та чиқинди ташувчи махсус техника, 59 та мотороллер ва 165 та чиқинди йиғиш контейнери етказиб берилди.
Шунингдек, чиқиндиларни бошқариш тизимида экологик тоза ва энергия тежамкор техникалардан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида 60 та электр чиқинди ташувчи махсус техника Ўзбекистонга илк бор олиб кирилиб, санитар тозалаш корхоналарига етказиб берилди.
Чиқинди полигонларида иш самарадорлигини ошириш, чиқиндиларни жойлаштириш ва зичлаш, ички йўлларни сақлаш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун эса 22 та булдозер харид қилинди.
Йил охирига қадар чиқинди полигонларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида яна 10 та булдозер, 10 та автойуклагич ва 10 та экскаваторни Чиқинди полигонларини бошқариш дирекциясининг ҳудудий бошқармаларига етказиб бериш ишлари амалга оширилмоқда.
Келгусида экологик тоза махсус техникаларни республика ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш ва санитар тозалаш корхоналарининг мавжуд эҳтиёжларини қондириш режалаштирилган.
Хусусан, 2027 йилда қўшимча равишда камида 80 та электр ва гибрид чиқинди ташувчи махсус техника харид қилиниб, санитар тозалаш корхоналарига етказиб берилиши назарда тутилган.
Айни пайтда махсус техникаларни ҳудудларга топшириш ишлари давом этмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА