Маҳкумлар олий таълим олиш имконига эга бўлади
Бу ҳақда 2026 йил 16 ноябрда қабул қилинган “Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларни озодликка тайёрлаш ва ижтимоийлашувини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, 2027/2028 ўқув йилига қадар жазони ижро этиш муассасаларида 310 та ўқув ва 420 та амалий машғулотлар хонаси ташкил этилади. 2030 йилга қадар меҳнат бозорига мос камида 50 та касб бўйича ўқув дастурлари жорий қилинади.
Шунингдек, ҳар йили камида 15-20 минг нафар маҳкумни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ҳамда маҳкумларни касбга ўқитиш орқали такрорий жиноятчилик даражасини 30 фоизга қисқартириш вазифаси белгиланди.
“Янги ҳаёт” дастури доирасида 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб маҳкумларга олий таълим ташкилотларига кириш ва масофавий таълим шаклида тўлов-контракт асосида ўқиш имкони яратилади.
Ўқишга қабул қилинган маҳкумлар масофавий таълим шаклида ўқиши учун колонияларда видеоконференцалоқа воситалари билан жиҳозланган хоналар ажратилади.
Шунингдек, ёш маҳкумлар орасидан сайлов йўли билан ёшлар фаоллари танланади ва ҳар чоракда БҲМнинг уч баравари миқдорида рағбатлантирилади.
Барча колониялардаги маҳкумлар ўртасида масофавий шаклда “Ёш китобхон” танлови ташкил этилади.
Колониялар кутубхоналарида “Мутолаа” платформасидан фойдаланиш имконияти яратилади.
ЎзА