Мавсумни беталафот ўтказишнинг барча чоралари кўрилмоқда
“Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” газ таъминоти филиали, шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимлари томонидан 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан муайян ишлар амалга оширилди.
– Иситиш мавсумида, айниқса, газ таъминоти тизими ишларини тўғри ташкил этиш, хўжаликлар ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор газ билан таъминлаш, мавсумни ортиқча йўқотишларсиз ўтказиш ҳамда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари кенг тарғиб қилинмоқда, – дейди “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Сарсенбай Бекимбетов. – Шу билан бирга мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш ва мутахассислар масъулиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Филиал томонидан об-ҳавонинг пасайиши билан истеъмолчиларни барқарор табиий газ билан таъминлаш бўйича белгилаб олинган ишлар режа асосида давом эттирилмоқда. Нукус шаҳрида бугунги кунда жами 84 минг 379 истеъмолчи табиий газдан фойдаланиб келмоқда. Шундан 82 минг 34 нафари хусусий истеъмолчи, 2 минг 345 таси улгуржи истеъмолчи ҳисобланади. Газ таъминоти ходимлари томонидан истеъмолчиларни хавфсиз ва узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида газ тармоқларини кўздан кечирилиб, газ тақсимлаш пунктларида режим созлаш ишлари мунтазам амалга оширилмоқда.
Шунингдек, олис ҳудудлардаги аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қондириш ва уларнинг истеъмолчиларга ўз вақтида тўсиқсиз етказиб берилишига мустаҳкам замин яратилмоқда. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан хонадонларга суюлтирилган газ баллонларини етказиб беришда хавфсизликни таъминлаш, уларни ташувчи махсус автотранспортлар ҳаракатини кузатиб бориш ҳамда истеъмолчиларга тарқатиш вақтида тартибни сақлаш чоралари кўрилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда жойларда “Шаҳар ва туман буғини хизматларининг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлари” мавзусида қўмондонлик-штаб ўқув машқи ўтказилмоқда. Жумладан, Тахтакўпир туманида ўтказилган тадбир давомида иштирокчиларга ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмаси чақнаши ва ёнғинларни келтириб чиқарувчи асосий омиллар, уларнинг олдини олиш чоралари, газ ҳамда электр жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари тушунтирилди.

Ўқув машқи давомида Фавқулодда вазиятлар хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари, объект ишчи-ходимлари ва талабаларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш бўйича амалий кўникмалари синовдан ўтказилди. Машқ якунида масъуллар томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, меҳнат жамоаларида, ўқув юртларида газ таъминоти соҳаси мутахассислари ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакиллари иштирокида заҳарли газдан зарарланишнинг олдини олиш бўйича профилактик тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ўтказилган учрашувда мутахассислар томонидан ис газидан зарарланишнинг оғир оқибатлари аниқ мисоллар билан айтиб ўтилди. Шунингдек, энергия тежамкор технологиялардан кенг фойдаланиш, эски қозон печь ўрнига замонавий талабларга жавоб берадиган янги икки контурли иситиш қозонларни ўрнатиш ҳамда хонадонларга ўрнатилаётган энергия тежамкор иситгичларнинг аҳамияти ҳақида кенг тушунчалар берилди.
Бу борадаги профилактик тушунтириш ишлари давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири