Янги спорт иншоотлари очилди
Фарғона вилоятида спорт иншоотлари қурилишига алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, марказдан узоқ бўлган, чет туманларда қурилган замонавий стадион, спорт заллари бирин-кетин фойдаланишга топшириляпти. Масалан, Сўх тумани Гулистон маҳалласидаги 9-сонли умумий ўрта таълим мактабида янги замонавий мини-стадион фойдаланишга топширилди.
Мазкур спорт иншооти “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлган ва ажратилган 1,5 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида барпо этилди.

Тадбир давомида бир гуруҳ ўқувчи ва ўқитувчиларга эсдалик совғалари топширилиб, янги майдонда футбол мусобақаси бўлиб ўтди.
Данғара тумани “Капасарой" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 10-сонли умумтаълим мактабида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида барпо этилган замонавий “Workout” спорт майдончаси ҳам қуриб битказилди.

Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими ва туман раҳбарлари мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмонан соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратдилар.

Қувончли воқеа тантанасида Данғара туманидан бўлган Президент Олимпиадаси ғолиблари ва уларнинг мураббийлари алоҳида эътироф этилиб, эсдалик совғалари топширилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА