Имконияти чекланганлар учун савдо ярмаркаси ташкил этилди
Навоийда ногиронлиги бўлган тадбиркорлар ва фуқаролар учун махсус савдо ярмаркаси ташкил этилди. Бу ташаббус уларнинг маҳсулотларини кенг жамоатчиликка танитиб, янги имкониятлар эшигини очди.
Имконияти чекланган кишилар учун биргина эътибор ўта муҳим аҳамиятга эга. Негаки, улар учун жамиятда ўз ўрни бор эканини ҳис қилишдан ортиқ хоҳиш йўқ. Биргина эътибор ва имконият билан улар юксак марраларни забт этишга қодир.
Шу мақсадда Навоий вилояти Адлия бошқармаси ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар жамияти вилоят бўлими ҳамкорлигида ногиронлиги бўлган тадбиркорлар ва фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Биз - биргамиз!” шиори остида савдо ярмаркаси ташкил этилди.
Мазкур ярмаркадан кўзланган асосий мақсад — ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳсулотларини кенг жамоатчиликка танитиш, жамиятдаги фаоллигини ошириш ва янги имкониятлар яратишдан иборат.
Эътиборлиси шуки, тадбир давомида иштирокчилар ўз маҳсулотларини намойиш этиб, уларни кенг оммага тақдим этиш имконига эга бўлди. Таъкидлаш жоиз, бу каби ташаббуслар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз келажагига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шербек Исломов,
ЎзА