Хоразмда ўтказилган халқаро конференция яшил муҳандислик соҳасига бағишланди
Урганчда “Яшил муҳандислик: архитектура, энергетика, географик ахборот тизими технологияларининг долзарб муаммолари ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ташаббуси билан Мазкур нуфузли халқаро анжуманда Малайзия, АҚШ, Беларус, Германия, Россия ҳамда Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан қарийб 100 дан ортиқ олимлар, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Конференцияни университет ректори Феруза Мадраҳимова кириш сўзи билан очиб бериб, яшил муҳандислик, энергетика ва замонавий геоинформацион технологиялар соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, анжуман ишига ривож тилади.

Халқаро илмий-амалий анжуманда асосий эътибор қурилиш жараёнларида бино ва иншоотларнинг энергия тежамкорлиги, самарадорлиги, экологик хавфсизлик ва яшил қурилиш технологияларидан фойдаланиш ҳамда инновацион меъморий ечимларнинг амалга оширилишига қаратилди.
– Малайзия Ислом фанлари университети билан ҳамкорликдаги мазкур конференцияда асосан яшил қурилиш, яшил технологиялар, яшил энергетика каби масалаларда халқаро тажрибалар ва олимларимизнинг илмий асосланган ишланмалари муҳокама қилинди, – дейди УрДУ кафедра мудири Икром Давлетов. – Анжуман олдидан дунёнинг турли давлатлари ва университетлари олимларидан шу мавзуга доир 170 дан зиёд мақолалар келиб тушди. Бугунги муҳокамада уларнинг энг долзарб ва фойдалилари кўриб чиқилмоқда ва ўрганилмоқда. Кейинчалик улар амалиётга ҳам татбиқ этилади.

Анжуманда Малайзия Ислом фанлари университети (USIM) профессори Шарифуддин Шаарани, мазкур университет доценти Нурул Сяла Абдул Латип, Географик объектларни номлаш ва манзиллар тизимини юритиш шуъбаси бошлиғи М.Рўзметов ҳамда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Хоразм магистраль электр тармоқлари филиали масъул ходими М.Джуматов яшил энергетика, барқарор архитектура, экологик лойиҳалаш, ГАТ технологиялари ва яшил кампус концепциясини ривожлантириш каби долзарб масалалар юзасида маъруза қилдилар.

– Бугунги анжуманда иштирок этиш менга катта мамнуният бағишлади, – дейди Малайзия Ислом фанлари университети профессори Шарифуддин Шаарани. – Мен 15 йилдан буён мамлакатингиз тарихи ва бой маданий мероси, меъморий архитектураси билан қизиқаман ҳамда бу юртни жуда яхши кўраман. Ўзбекистон Ислом цивилизацияси даврига оид бебаҳо маданий меросига эга. Малайзия ҳам соҳада ўзининг бой тажрибаси ва илмий салоҳиятига эга. Агар икки мамлакатнинг билим ва тажрибаларини бирлаштира олсак, Ислом меъморчилиги ва санъати бўйича дунё миқёсидаги етакчи илмий марказлардан бирига айланишимиз мумкин. Шу боис бугунги учрашув бу борада жуда муҳим саналади.
Маърузалардан сўнг иштирокчилар олтита шуъбада фаолиятини давом эттирди.

Халқаро илмий-амалий анжуман мамлакатимизда яшил муҳандислик, энергия тежамкорлиги маданиятини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар ва тараққиёт стратегиясини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири