Янги солнома нашр этилди
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон шукроналиги” шиори остида “Арнасойнинг 50 йиллик солномаси” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими Одил Мусанов Арнасойнинг ярим асрлик тараққиёт йўли, фидойи инсонлар меҳнати ва Янги Ўзбекистон ислоҳотлари туфайли ҳудудда амалга ошаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритди. Таъкидланишича, бундай китоблар миллат хотирасини асраш ва авлодлар ўртасида маънавий боғлиқликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, кекса авлод ва фахрийларга эҳтиром кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани қайд этилди. Президент қарори асосида жойларда “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Тадбир иштирокчилари Арнасойнинг кечаги ва бугунги ҳаёти, юртдаги тинчлик ва инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида фикр билдиришди.

Китобда туманнинг ташкил топиш тарихи, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, бунёдкорлик ишлари ва меҳнат фахрийлари ҳаёти кенг ёритилган.
Якунда бир гуруҳ фахрийлар ва фаолларга китоб нусхалари ҳамда “Арнасой тумани 50 йиллиги” эсдалик нишони топширилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА