Сукутга чўккан майдон ва юракларда тирилган хотира
9 май — Хотира ва қадрлаш куни
Жиззахда бугун тонг бошқача отди. Майин шамол шаҳар кўчаларида эсар, мўйсафидлар, қўлида гул тутган ёшлар Хотира майдони сари ошиқар эди...

“Мотамсаро она” ҳайкали атрофида йиғилган одамлар чеҳрасига қарасангиз, бу ерга кимдир расмий тадбир учун эмас, қалб амри билан келганини ҳис этасиз. Кимдир отасини эслар, кимдир фронтдан қайтмаган бобоси ҳақида ўй сурарди. Яна кимдир уруш деган балони фақат китобларда ўқиб билса-да, бугун тинчликнинг баҳоси нақадар юксак эканини дилдан англаб турарди.
Гулчамбарлар ҳайкал пойига қўйилар экан, майдонни бир дамлик сукут эгаллади. Ўша сукутда ўқ товушлари ҳам, оналарнинг ноласи ҳам, фронт ортида тунни тунга улаб меҳнат қилган инсонларнинг оғир нафаси ҳам бор эди. Бу — оддий жимлик эмас, миллат хотираси эди.

Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этишди. Майдонга йиғилганларни бирлаштирган ягона туйғу — Ватан учун қурбон бўлганлар хотираси олдидаги юксак эҳтиром эди.
Уруш... Бу сўзнинг ўзиёқ инсон қалбига титроқ солади. Қанчадан-қанча йигитлар қўлига қурол олиб, ортида кўз ёшига тўлган онасини, эндигина тили чиққан фарзандини қолдириб кетган. Қанчадан-қанча аёллар эса қора хат келмасин дея умид билан эшикка термулиб яшаган. Лекин шу машаққатли йиллар халқимизнинг иродасини бука олмади. Аксинча, сабрни — матонатга, соғинчни — жасоратга айлантирди.

Тадбир доирасида ўтказилган учрашувларда ҳам шу ҳақда сўз юритилди. Нуронийлар ёшларга урушнинг фақат ғалаба ёки мағлубият эмас, аввало, инсон қисмати, айрилиқ ва сабр эканини айтишди. Ёшлар эса бу хотиралар орқали Ватан қадрини, осойишта кунлар баҳосини янада теранроқ ҳис қилишди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА