Мадридда Амир Темур меросига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди
Испаниянинг етакчи нашрларидан бири – “El Mundo Financiero” саҳифаларида Мадрид шаҳрида буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ташкил этилган халқаро конференция ҳақида мақола чоп этилди.
Нашр маълумотига кўра, Мадриддаги Casa Árabe маданий марказида ўтказилган анжуманда Ўзбекистон, Испания ҳамда қатор бошқа мамлакатлардан олимлар, дипломатлар ва жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тадбирда Амир Темурнинг давлатчилик, ҳарбий санъат ва жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси атрофлича муҳокама қилинди.
Конференцияда Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Фаррух Турсунов, Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев, испаниялик адиб Хесус Санчес Адалид ва бошқа нуфузли экспертлар маъруза қилди.
Таъкидланишича, мазкур анжуман Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги доирасидаги халқаро тадбирлар давомида ташкил этилди.
Муаллиф конференциянинг айнан Испанияда ўтказилганига алоҳида эътибор қаратган. Чунки Испания – Самарқандга ташриф буюриб, Амир Темур салтанати ҳақида муҳим тарихий маълумотлар қолдирган машҳур элчи Руй Гонсалес де Клавихо ватани ҳисобланади. Унинг ёзма мероси темурийлар даврини ўрганишда муҳим манбалардан бири сифатида баҳоланади.

Форумда Осиё, Европа ва Лотин Америкаси давлатларидан 70 дан зиёд олим, тадқиқотчи ва дипломат иштирок этди. Бу эса Амир Темур шахси ва темурийлар меросига бўлган халқаро қизиқиш тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА