Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
Тинчлик, миллатлараро тотувлик ва инсонпарварлик ҳар қандай давлат тараққиётининг энг муҳим таянчларидан бири ҳисобланади. Янги Ўзбекистонда бу эзгу қадриятлар нафақат давлат сиёсатининг устувор йўналиши, балки халқимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Юртимизда турли миллат ва элат вакилларининг ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва бир оиладек аҳил яшаб келаётгани дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилаётган юксак инсонпарварлик намунасидир. Шу боис ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни мамлакатимизда юксак руҳ, самимий муҳит ва эзгу ғоялар билан нишонланади.
Айни шу муносабат билан “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши томонидан “Янги Ўзбекистон – дўстлик ва инсонпарварлик замини” мавзусида кенг қамровли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда партиянинг вилоят кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари, Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилояти бўлими, вилоят Ахборот-кутубхона маркази ходимлари, миллий маданий марказлар раҳбарлари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб қилиш, жамиятда тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини янада кучайтиришдан иборат бўлди.
Тадбирни халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Бухоро вилояти минтақавий вакили Абира Ҳусейнова очиб берди. У ўз маърузасида Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир Ватан остида тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитида ҳаёт кечирмоқда. Бу эса мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарвар сиёсатнинг амалий самараси, халқлар ўртасидаги ишонч ва бирдамликнинг ёрқин ифодасидир. Шунингдек, ёш авлодни ватанпарварлик, бағрикенглик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа экани таъкидланди.
Тадбир давомида “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоли, Бухоро давлат университети профессори, Республика “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Азизбек Амонов томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Халқаро дўстлик кунига бағишлаб тайёрланган “Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар”, “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” ва “Янги Ўзбекистон – дўстлик ва инсонпарварлик замини” номли монографияларнинг тақдимоти ўтказилди.

Тақдимот чоғида ушбу илмий асарларда мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг тарихий илдизлари, ҳуқуқий асослари, замонавий тараққиёт босқичлари ҳамда бугунги ижтимоий-сиёсий аҳамияти чуқур таҳлил қилингани таъкидланди. Бу нашрлар нафақат олимлар, балки ёшлар, тадқиқотчилар ва кенг жамоатчилик учун муҳим маънавий-маърифий манба бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари ҳам мамлакатимизда барча миллат ва элат вакилларига кўрсатилаётган юксак эътибор учун миннатдорлик билдириб, келгусида ҳам миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш, умумий тараққиёт ва юрт равнақи йўлида ҳамжиҳатликда меҳнат қилишларини таъкидлади.
Тадбирнинг тантанали қисмида рус, корейс, немис, татар-бошқирд, қозоқ, озарбайжон, яҳудий, тожик-форс, турк, туркман ҳамда поляк миллий маданий марказларининг Бухоро вилояти бўлимлари раҳбарларига “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти Кенгашининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Бу эътироф уларнинг мамлакатимизда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш йўлидаги самарали фаолиятига берилган муносиб баҳо бўлди.

Мазкур тадбир яна бир бор шуни намоён этдики, Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги — турли миллат ва элат вакилларининг аҳиллиги, ўзаро ҳурмати ва умумий мақсадлар йўлидаги бирдамлигидир. Дўстлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик каби юксак қадриятлар халқимизни янада бирлаштириб, мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти, тинчлиги ва фаровон келажагини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, дўстлик ҳукм сурган юртда тараққиёт бардавом, инсон қадри эса ҳамиша улуғ бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири