“Янги Ўзбекистон: маҳалла – анъаналар – инсоний қадриятлар” мавзусида рангтасвир асарлари кўргазмаси очилди
Юртимиздаги янгиланиш жараёнлари шунчалик шиддат билан кечмоқдаки, уларга ўрганиб ҳам қолдик. Лекин маҳаллада кечаётган жараёнларга ташқаридан ҳеч назар ташлаганмисиз?
Пойтахтимиздаги Марказий кўргазмалар залида ташкил этилган "Янги Ўзбекистон: маҳалла – анъаналар – инсоний қадриятлар” мавзусидаги кўргазма мамлакатимиз маҳаллаларига мўйқалам соҳиблари нигоҳи билан назар ташлаш имконини бериши билан диққатга сазовор бўлди.
Ушбу кўргазма Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, шунингдек, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Бадиий академия ва Ёшлар ишлари агентлигининг ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумида кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилиб, у 5 майга қадар давом этади.
Мазкур ижодий тадбир Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Янги Ўзбекистон: маҳалла – анъаналар – инсоний қадриятлар” мавзусидаги республика танловининг якуний финал тақдирлаш маросими ҳисобланади.
Танлов Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташаббуси билан, Бадиий академия, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ўтказилди.
2026 йилнинг февраль ойида старт олган ушбу танловда юртимизнинг барча ҳудудларидан 21 ёшдан юқори бўлган ижодкорлар фаол иштирок этиб, маҳалла институтининг жамиятдаги ўрни, миллий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар, инсонийлик, меҳр-оқибат каби мавзуларни ўз асарларида юксак бадиий савияда акс эттирдилар.
Ҳудудий босқичлар якунига кўра, энг сара асарлар саралаб олиниб, якуний кўргазмага қўйилди. Кўрик-танлов юртимизнинг барча ҳудудларини қамраб олди. Жумладан, 8 минг 831 та маҳалладан 9 минг 415 нафар иштирокчи 10 мингдан зиёд рангтасвир асари билан қатнашди.
Ҳар бир туман ва шаҳар босқичида сараланган ғолиблар орасидан 1 минг 40 та энг яхши асар республика босқичига йўл олди. Уларнинг 201 таси эса сараланиб, махсус каталогга киритилди. Бу рақамлар нафақат кўрик-танловнинг кўлами, балки юртимизда тасвирий санъатга бўлган қизиқиш ва ижодий муҳитнинг қай даражада ривожланаётганини ҳам яққол намоён этади.
Кўргазманинг очилиш маросими аввалида махсус тайёрланган видеоролик намойиши этилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Сабине Махл мазкур танловнинг аҳамияти ва унда илгари сурилган ғоялар ҳақида сўзладилар.
Тадбир давомида “Энг яхши оригинал ғоя”, “Энг яхши график рассом” ва “Энг яхши рангтасвирчи рассом” номинациялари бўйича ғолиблар тақдирланди. Танлов низомига мувофиқ, ғолиблар қуйидаги мукофотлар билан тақдирланди.
Биринчи ўринга Фарғона вилояти Фарғона туманидаги Ҳосилот маҳалла фуқаролар йиғинидан Отабек Шокиров “Оқибат” номли картинаси учун муносиб топилди. У автомобиль ва диплом билан тақдирланди.
Иккинчи ўринга Термиз шаҳридан Турсунқул Шаймардонов “Опамга тўй келди” номли картинаси учун муносиб топилди. Ғолиб 50 миллион сўм пул мукофоти ва диплом билан мукофотланди.
[gallery-29150]
Учинчи ўринга Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги Жанабазар овул фуқаролар йиғинидан Нуржау Дуйсенбаев “Хонадон файзи. Кексалар дуоси билан кўкарар олам” номли сурати учун лойиқ топилди. Унга 30 миллион сўм пул мукофоти ва диплом топширилди.
Мазкур танлов ва кўргазма маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини юксалтириш, миллий қадриятларни тарғиб этиш, ёшлар онгида ватанпарварлик, инсонийлик ва маънавий етуклик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамият касб этди.
Назокат Усмонова, Носирхон Ҳайдаров (суратлар), ЎзА