Газ таъминоти янги босқичга чиқмоқда
Бугунги кунда Бухоро вилоятида 167 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, янги уй-жойлар қурилиши ва аҳоли сони ортиб бораётгани сабабли бу кўрсаткич йил сайин ўсмоқда.
Аҳолининг мазкур хизматдан самарали ва шаффоф фойдаланишини таъминлаш мақсадида янги тартиб жорий этилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 апрелдаги қарори билан “Турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Мазкур қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 июндан бошлаб жисмоний шахсларни маиший газ баллонлари билан таъминлаш хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz ёки Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Бу эса аҳоли учун ортиқча оворагарчиликларни камайтириш, мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилади.

Янги тартибга кўра, мурожаат келиб тушган куни ваколатли оператор томонидан маълумотлар “Е-газ” ахборот тизимида шакллантирилади. Бир иш куни мобайнида аризада келтирилган маълумотлар текширилади. Кейинги босқичда эса уч иш куни ичида мутахассислар ариза берувчининг яшаш манзилига чиққан ҳолда ўрганиш ишларини амалга оширади ва тегишли далолатнома расмийлаштиради.
— Рақамлаштириш тизимидан асосий мақсад коррупциянинг олдини олиш, газ баллонини ариза эгасига ўз вақтида етказиб бериш ва ортиқча қоғозбозликларни камайтиришдан иборат, — дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Бобиржон Мамедов.
Маълум қилинишича, маиший газ баллонлари асосан табиий газ тармоғи етиб бормаган ҳудудларда истиқомат қилувчи жисмоний шахсларга ажратилади. Айни пайтда газ таъминоти ташкилотлари ходимлари томонидан аҳоли ўртасида янги тартибнинг мазмун-моҳияти бўйича кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Вилоятда суюлтирилган газ таъминоти соҳасида жорий этилаётган янги тизим аҳолига қулайлик яратиш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва шаффофликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлмоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва коммунал хизматлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА