Мақсад – соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш
Жорий йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти томонидан экологик маданиятни юксалтириш, аҳолининг экологик саводхонлигини ошириш ҳамда партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини кенг тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Кенгаш йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Жўқорғи Кенгеси депутатлари, партия Кенгаши аъзолари, “Аёллар” ва “Ёш экологлар” клуби аъзолари, шунингдек, шаҳар ва туман партия Кенгашлари раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ҳисобот даврида партия ташкилоти томонидан аҳоли ўртасида жами 110 та тарғибот тадбири ташкил этилиб, уларда 3 минг 370 нафар фуқаро қамраб олинди. Шунингдек, экологик саналар муносабати билан 36 та тадбир ўтказилди.

“Экология ва саломатлик” аёллар клуби томонидан амалга оширилган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ. Ҳисобот даврида клуб ташаббуси билан 40 та маънавий-маърифий тадбир ўтказилиб, 857 нафар хотин-қиз ва ёшлар қамраб олинди. Тадбирлар доирасида экологик тоза маҳсулотлардан фойдаланиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва экологик тарбиядаги аҳамияти кенг ёритилди.
Таълим муассасалари, маҳаллалар ва тиббиёт масканларида ўтказилган учрашувларда экология, саломатлик ва ижтимоий фаоллик масалалари муҳокама қилинди. “Табиатга эҳсон” лойиҳаси ҳамда “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” юриш марафони каби ташаббуслар аҳолининг кенг қатламларини қамраб олди.

Ёшлар билан ишлаш йўналишида ҳам муҳим натижаларга эришилди. Ҳисобот даврида 41 та тадбир ташкил этилиб, 1 минг 83 нафар ёш жалб қилинди. Ушбу тадбирлар доирасида давра суҳбатлари, семинарлар, акциялар ва интеллектуал ўйинлар ўтказилди.
Жамоатчилик билан ишлаш ва мурожаатларни кўриб чиқиш йўналишида ҳам самарали ишлар амалга оширилди. 2026 йилнинг уч ойида 6 та мурожаат келиб тушиб, уларнинг 4 таси ижобий ҳал этилди, 1 тасига тушунтириш берилди ва 1 таси кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, 122 та экологик рейд ўтказилиб, аниқланган муаммолар юзасидан тегишли чоралар кўрилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида аҳолининг экологик маданиятини ошириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда партиянинг ижобий имиджини мустаҳкамлаш борасида муҳим натижаларга эришилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА