Ёшларнинг тил ўрганиш имкониятлари кенгаймоқда
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова Касбий таълим агентлиги ҳузуридаги Касбий таълим моддий-техника таъминоти марказида бўлиб, у ердаги ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Марказда “PROFI DEUTSCH” немис тилини ўқитиш ва “TELC” имтиҳон маркази фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда ёш авлоднинг халқаро майдонда рақобатбардош бўлиши, замонавий илм-фан ва технологияларни пухта эгаллаши давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шу боис, юртимизда йигит-қизларнинг тил ўрганиши йўлидаги молиявий ва ташкилий тўсиқларни олиб ташлашга қаратилган мутлақо янги тизим яратилди.
Мазкур марказ немис тилини ўқитиш, халқаро тил сертификатларини олиш имкониятини яратиш, курсларни муваффақиятли тамомлаган ёшларни Германияда дуал касбий таълим — Аусбилдунг олиш ва қонуний меҳнат фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашишга хизмат қилади.
Шунингдек, “TELC имтиҳон марказида йилига 5 минг нафардан ортиқ ёшнинг халқаро имтиҳон топшириши ва сертификат олиши учун имконият яратиш кўзда тутилган.
Қайд этилганидек, мазкур ташаббус ёшларнинг хорижий тилларни пухта эгаллаши, замонавий касбий кўникмаларни ўзлаштириши ҳамда халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар сифатида шаклланишига хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА