Она ва бола саломатлиги – миллат келажаги
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Айниқса, жамиятнинг энг нозик қатлами ҳисобланган оналар ва болалар соғлиғини асраш, уларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бироқ эришилган ютуқлар билан бирга, ушбу нозик соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган ва тизимли ёндашув ҳамда қатъий назоратни талаб қилувчи долзарб муаммолар ҳам йўқ эмас. Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов бошчилигида мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини асрашга масъул муассасалар ҳамда туғруқ комплекслари раҳбарлари иштирокида ўтказилган видеоконференцалоқа шаклидаги мулоқот ана шундай оғриқли масалаларни очиқ-ошкор танқидий таҳлил қилиб, келгуси вазифаларни белгилаб олди.

Ҳар қандай соҳа тараққиёти аввало, унинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Бугунги кунда юртимизда 17 миллион нафардан ортиқ (шундан 9,4 миллиондан зиёди туғиш ёшидаги) аёлларга 231 та туғруқ мажмуаси хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, 18 ёшгача бўлган 13,3 миллиондан зиёд болалар 245 та педиатрия муассасаси назоратида. Оилавий поликлиникалар қошида ташкил этилган “Аёллар маслаҳатхона”лари, “Пренатал скрининг хона”лари ҳамда “Онко-назорат хона”лари аҳолига биринчи бўғиннинг ўзидаёқ сифатли тиббий ёрдам кўрсатишда муҳим омил бўлмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, ҳозирга келиб мамлакатимиз бўйича ҳомиладор аёлларнинг 81 фоизи пренатал ультратовуш текшируви билан қамраб олинган. Ирсий касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш механизми изчил йўлга қўйилгани, туғиш ёшидаги хотин-қизларнинг тизимли равишда тиббий кўрикдан ўтказилаётгани ижобий натижалар бермоқда. Шу билан бирга, моддий базани янада яхшилаш мақсадида ҳудудларда сўнгги уч йилда жами 2 204 та қўшимча туғуруқ ўрни ташкил қилинди. Жорий йилда улар сони яна 1 057 тага, 2027 йилда эса 1 060 тага кўпайтирилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, халқаро дастурлар асосида 1 984 нафар соҳа мутахассисининг малакаси оширилгани ҳам эътиборга молик.

Барча ижобий ўзгаришларга қарамай, вазирлик мулоқотда соҳада йиғилиб қолган муаммоларни кескин танқид қилди. Хусусан, кадрлар ва мутахассислар етишмовчилиги масаласи жиддий тус олгани қайд этилди. Мамлакатимиз бўйича, ўриндошлик ҳисобида 520 та акушер-гинеколог штати бўш турибди. Жумладан, Фарғонада 100, Наманганда 66, Тошкент шаҳрида 56 ва Сирдарёда 51 нафар шундай мутахассис етишмаяпти. Шунингдек, республика тиббиёт муассасаларида 687 нафар анестезиолог-реаниматолог ўрни ҳам вакантлигича қолмоқда. Юқори технологик амалиётлар кўламининг торлиги ҳам муаммолардан бири бўлиб, бугунги кунда республика бўйича атиги 126 нафар гинеколог лапароскопда ишлаш кўникмасига эга. Уларнинг 102 нафари Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида фаолият юритса, туман шифохоналарида бор-йўғи 24 нафар шундай мутахассис мавжуд. Бу эса жойлардаги ўз вақтида кўрсатиладиган юқори технологик ёрдамга тўсиқ бўлмоқда.
Шунингдек, саломатлиги кўтармаслигига қарамай ҳомиладор бўлаётган ва ҳаёти жиддий хавф остида қолаётган аёлларнинг тиббий ҳисоби тўлиқ юритилмаётгани ва алоҳида назоратга олинмаётгани жуда ачинарлидир. Афсуски, ўтган йили қайд этилган оналар ўлимининг 30 фоизи айнан шу тоифадаги аёллар ҳиссасига тўғри келган. Бундан ташқари, таҳлилларга кўра, турли туғма нуқсон ва ирсий хасталиклар аниқланган болаларнинг 10 фоизи яқин қариндошлар никоҳи туфайли дунёга келмоқда. Ҳар йили ўртача 50 минг нафар аёл соғлиғи тўлиқ тикланмасдан, орадан 2 йил ҳам ўтмасдан яна фарзанд кўраётгани (бундай ҳолатлар Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида кўпроқ учрамоқда) оналар организмини ҳаддан ташқари толиқтирмоқда.

Мулоқот сўнггида соғлиқни сақлаш вазири ҳар бир ҳудуд ва туғуруқ муассасаси раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш фақатгина тиббиёт ходимларининг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. Мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, тизимда масъулиятни ошириш ҳамда қатъий таҳлил ва назоратни ўрнатиш орқалигина соғлом авлодни вояга етказиш ва миллат генофондини асраб қолиш мумкин.
Моҳигул Қосимова, ЎзА