Янги ўқув йили янги ўқув биносида бошланди
Бугун Наманган вилоятидаги таълим муассасаларида ҳам биринчи қўнғироқ садолари янгради. “Билимлар куни” вилоятдаги 790дан ортиқ давлат ва хусусий мактабларда кўтаринки руҳда бошланди.
Наманган шаҳридаги 7-сонли умумтаълим мактабининг ўқитувчи ва ўқувчилари мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги шодиёнаси ҳамда янги ўқув йилини чинакам байрамона кайфиятда қарши олишди.

Боиси, мактабда янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Инвестиция дастури доирасида 990 ўринли янги ўқув биноси қурилиб, замонавий мебель ва зарур жиҳозлар билан таъминланди. Лойиҳани амалга ошириш учун 8,9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.


Қайд этиш даркор, 1961 йилда қурилган илмгоҳ сўнгги бор 2009 йили мукаммал таъмирланган эди. Бунёдкорлик ишлари натижасида маърифат масканининг ўқувчи сиғими 1 минг 660 ўриндан 2 минг 650 ўринга етказилди. Қамров коэффициенти эса 2,4 дан 1,5 га туширилди.
Дарҳақиқат, янги, замонавий ва барча қулайликларга эга ўқув биносида энди ўқувчилар сифатли таълим олиш, ўз иқтидор ва қобилиятларини намоён этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.


Тантанали тадбирда Президентимизнинг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Янграган биринчи қўнғироқ садолари шунчаки ўқувчиларни биринчи дарсга чорлов эмас, балки эртамиз эгаларини юксак марралар сари дадил интилиш, чуқур илму ҳунар эгаллашга даъват ҳам бўлди.


Мактаб остонасига эндигина қадам қўйган 351 нафар биринчи синф ўқувчисига Президент совғалари тақдим қилинди.
Мазкур таълим даргоҳи директори Маҳфуза Муралимованинг қайд этишича, ўтган ўқув йилида мактабни тамомлаган 364 битирувчининг 107 нафари олий ўқув юртлари талабаси бўлиш бахтига эришди. 203 кишилик педагогик жамоа янги ўқув йилида олий таълимга қамров кўрсаткичини салмоқли оширишга астойдил аҳд қилишган.

Маълумот ўрнида: Наманган вилоятидаги саккиз юзга яқин мактабларда янги – 2026/2027 ўқув йилида 70 минг 838 нафар болани биринчи синфга қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, илк бор мактабга чиққан болажонлар Президент совғалари билан тўлиқ таъминланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА