Янги ўқув йили – эзгу тилаклар ва катта мақсадлар билан бошланди
Адлия вазири Акбар Тошқулов Тошкент шаҳридаги 294-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, янги ўқув йилини бошлаётган ўқувчилар билан учрашди.
Тадбир аввалида вазир мактаб ўқувчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг янги ўқув йили муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Унда ёш авлодга билдирилган эзгу тилаклар, таълим олиш, билим ва касб-ҳунар эгаллаш йўлида улкан имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди.

А.Тошқулов мактабнинг юқори синф ўқувчилари билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларга таълимнинг инсон ҳаётидаги ўрни, замонавий касбларни эгаллаш, ҳуқуқий билим ва дунёқарашни кенгайтиришнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди. Ўқувчиларнинг саволларига жавоб бериб, келажакдаги мақсадлари ва орзулари билан қизиқди.
Вазир мактабнинг 1-синф ўқувчилари учун ҳам дарс машғулотида иштирок этди. Кичик ёшдаги ўқувчилар билан самимий суҳбатлашиб, уларни мактаб ҳаётидаги илк қадамлари билан табриклади ва билим олишга, китоб ўқишга ҳамда устозларини ҳурмат қилишга чорлади.

Янги ўқув йилининг илк кунида бундай учрашувлар ўқувчиларга нафақат катта мотивация, балки келажак сари дадил қадам ташлаш, ўз олдига улкан мақсадлар қўйиш ва уларга эришишга интилиш учун қўшимча руҳ бағишлади.
Н.Абдураимова, ЎзА