Янги Наманган туманида ёшлар билан ишлаш тизими янги босқичга чиқмоқда (+видео)
Давлат раҳбари томонидан ёшлар сиёсати доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Давлат раҳбари белгилаб берган ёшлар сиёсати ва топшириқлари юзасидан Янги Наманган туманида ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва келажагини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, ҳар пайшанба куни “Ёшлар билан ишлаш куни” сифатида ташкил этилгани бу борадаги ишларга янги суръат бағишлади. Ушбу кунларда мактаб ўқувчиларидан тортиб, уюшмаган ёшларгача бўлган қатлам билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилмоқда. Ёшларнинг лойиҳалари, ташаббуслари ва келажак режалари муҳокама қилиниб, амалий ечимлар ишлаб чиқилмоқда.
Туман раҳбарияти томонидан битирувчи ёшларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 25 май — “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари арафасида ёшларнинг олий таълим муассасаларига кириши, касб танлаши ва келажак режалари юзасидан учрашувлар ташкил этилмоқда. Олий таълимга кира олмаган ёки ишсиз қолган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ёшлар агентлиги имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда.
Шунингдек, ҳарбий хизматдан қайтган ёшлар билан ҳам манзилли ишлар олиб борилиб, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашилмоқда.
Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳам доимий эътиборда. Туманда футбол, кураш ва бошқа спорт турлари бўйича мусобақалар мунтазам ўтказилиб, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинмоқда.
Бундан ташқари, Янги Наманган туманида ҳудудларни ривожлантириш ва замонавий инфратузилмани шакллантириш борасида ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Лойиҳа институтлари, ёш архитекторлар ва талабалар билан ҳамкорликда янги кутубхоналар, маданият заллари ва замонавий бинолар қуриш бўйича ишлар бошланган. Бу жараёнда ёш лойиҳачиларга катта имкониятлар берилмоқда.
Ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш масаласи ҳам муҳим йўналишлардан бирига айланган. Мактаб ўқувчилари дарсдан бўш вақтларида дурадгорлик, мебелчилик, автоуловларни таъмирлаш каби йўналишларда амалий билим олишмоқда. Энг муҳими, ёшларнинг меҳнат ва таълим жараёни ўртасидаги мувозанатни сақлашга алоҳида аҳамият берилмоқда. Тадбиркорлар билан келишган ҳолда, ёшларнинг ўз вақтида дам олиши ва эрталабки дарсларга чарчамасдан қатнашиши таъминланмоқда.
Бугун Янги Наманган туманида амалга оширилаётган бундай ишлар ёшларнинг келажагига қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Давлат раҳбари ташаббуси асосида йўлга қўйилган мазкур тизим ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, билим олиши ва бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/ZCdN52Kj_dY" title="Yangi Namangan tumanida yoshlar bilan ishlash tizimi yangi bosqichga chiqmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тоҳир Турсунов, ЎзА