“Жалолиддин Мангуберди” тезюрар поезди Хивага йўлни янада яқин қилди
Хива қадим замонлардан буён Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган, савдо карвонлари, элчилар ва сайёҳлар учун муҳим тўхташ нуқталаридан бири бўлиб келган. Европада “Ҳамма йўллар Римга олиб боради” деган машҳур ибора айтилса, Шарқда Хива ҳақида “Ҳамма йўллар Хивага элтади” деган таъриф шаклланган.
Хоразмга темир йўл 1952 йилда кириб келган бўлиб, ўтган давр мобайнида у вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим омиллардан бирига айланган. Бироқ, узоқ йиллар давомида Хивани бевосита боғловчи темир йўл қатнови мавжуд эмас эди.
2017 йил 27-28 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида Урганч – Хива йўналишида темир йўл қуриш ташаббуси илгари сурилган эди.
– Ўша кунни яхши эслайман, – дейди Нуроний жамғармаси Хоразм вилояти бўлими раиси Рустам Султонов. – Президентимиз ташаббусини эшитганимизда барчамизда катта қувонч уйғонган эди. Чунки темир йўлнинг Хивагача етиб келиши шаҳар ҳаётини янада жонлантириб, сайёҳлар оқимини сезиларли ошириши аниқ эди.
Мазкур лойиҳа доирасида Урганчдан Хивагача 30 километрлик темир йўл барпо этилиб, Хива шаҳрида замонавий вокзал ишга туширилди. 2018 йилда давлат раҳбари ушбу йўналишдаги илк поездда Хивага ташриф буюриб, янги вокзални очиб берган эди.
Сўнгги йилларда мазкур йўналиш Хоразмнинг муҳим транспорт ва сайёҳлик масканларидан бирига айланди. Бироқ Тошкент – Хива ўртасидаги 1022 километрлик масофани темир йўл орқали босиб ўтиш 14-15 соат вақт талаб этар, бу эса йўловчилар учун маълум ноқулайликлар туғдирар эди.
Жорий йил 5 май куни “Жалолиддин Мангуберди” номли юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезд Тошкент – Хива йўналишида илк қатновини амалга оширди. Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган замонавий поезд пойтахт ва қадимий шаҳар ўртасидаги масофани 7,5 соатда босиб ўтмоқда.
– “Бухоро – Урганч – Хива” йўналишида 450 километрлик темир йўл тўлиқ электрлаштирилди, – дейди Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Саидов. – Ушбу лойиҳа нафақат транспорт инфратузилмасини яхшилайди, балки мамлакатимиз туристик салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади.
Маълумотларга кўра, ўтган йили Хоразмга 10 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 15 миллиондан ошиши кутилмоқда.
Таркиби 7 вагондан иборат, 390 нафар йўловчига мўлжалланган тезюрар поезд ҳафта давомида кундалик қатновни амалга оширмоқда.
– Илгари бу масофани босиб ўтиш жуда қийин эди, – дейди меҳнат фахрийси Ёқуббой Қутлимуродов. – Энди эса ярим кун ичида Тошкентга етиб бориш имкони бор. Поезддаги шароитлар жуда қулай, хизмат кўрсатиш ҳам юксак даражада.
Илк қатновда йўловчиларнинг аксарияти хорижлик сайёҳлар бўлгани ҳам йўналишга бўлган қизиқиш юқорилигини кўрсатмоқда. Самарқанд, Бухоро ва Урганч бекатларида айрим сайёҳлар тушиб, айримлари йўлини давом эттирган.
– Тошкентдан Хивага тезюрар поездда саёҳат қилиш мен учун жуда қулай ва қизиқарли тажриба бўлди, – дейди россиялик сайёҳ Алексей Софин. – Бу лойиҳа Ўзбекистон бўйлаб саёҳатни янада жозибадор қилди.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур поезд фақат транспорт воситаси эмас, балки мамлакатнинг муҳандислик салоҳияти ва туристик имкониятларини намоён этувчи муҳим инфратузилма лойиҳасидир.
Шу тариқа, минг йиллар олдин шаклланган “барча йўллар Хивага олиб боради” деган қараш айни кунда замонавий мазмун касб этмоқда. Бугун Хивага йўл янада яқин, саёҳат эса янада қулай ва мазмунли бўлди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари