Янги Меҳнат кодекси: Ҳомиладор аёлларга янада қулай шарт-шароит яратилади
Ҳаётимизда энг кўп дуч келинадиган муносабатлар бу меҳнат фаолиятини амалга ошириш давомидаги муносабатлар ҳисобланади. Шу боис ҳам ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, бунинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга.
Шу боис ҳам янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ишлаб чиқилиб, шу йил 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди. Янги таҳрирдаги кодекс қатор янги тартиб-қоидаларни ўзида жамлаган, бугунги кун талабларига мослаштирилган.
Айни кунларда мазкур ҳужжат моҳиятини тушунтириш ва тарғиб қилиш ишлари бошлаб юборилди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг аҳамияти, мазмуни ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз фикр-мулоҳазалари ва муносабатини баён қилишмоқда.
Жаҳонгир Ширинов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:
— Амалдаги Меҳнат кодекси 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, замонавий воқеликка мос келмайди. Ушбу кодекс фуқароларни меҳнатга жалб қилишнинг янги шаклларини назарда тутмайди. Масалан, пандемия шароитида масофадан ишлаш тизимига ўтишга тўғри келди. Буни қулайлик тарафларини ҳаммамиз кўрдик. Лекин бундай меҳнат шароитлари ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган. Янги таҳрирдаги кодексда эса масофадан ишловчилар меҳнатининг ўзига хос хусусиятлари ўз ифодасини топди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қарийб 600 та моддадан иборат бўлиб, амалдаги кодексдан 2,5 баравар ҳажм жиҳатдан катта. Албатта, аҳамияти нуқтаи назаридан ҳам кўп янги нормалар киритилди. Жумладан, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликка катта эътибор қаратилди. Яъни тарафлар иш берувчи, касаба уюшмалари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўзаро муносабатлари назарда тутилди.
Амалдаги Меҳнат кодексида муддатли меҳнат шартномасини тузиш учун фақат 3 та асос мавжуд эди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида эса 19 та асослар келтирилмоқда. Ушбу асосларнинг кенгайиши бизнес юритиш ҳамда тез ўзгарувчан бозор шароитларига тезкор мослашиш имконини беради.
«Ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш» асоси чиқариб ташланди. Шунингдек, ҳомиладор аёлларимизга янада қулай шарт-шароит яратиш мақсадида туғруққача парваришлаш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар берилиши шартлиги киритилди. Соатбай иш ҳақи ва бошқа иш ҳақларини белгилаш ва тўлаш тартибига аниқликлар киритилди. Бу эса ходимлар меҳнатига вақтбай, ишбай ёки меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа мезонларга кўра ҳақ тўлашга имкон яратади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу кодекс бозор иқтисодиёти шароитларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатларининг мувозанатини таъминлайди.
Дилмурод Исмоилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
—Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида аввал бўлмаган, яъни иш билaн тaъминлaш жaрaёнлaрини рaқaмлaштириш, электрoн мeҳнaт дaфтaрчaлaрини юритиш, мeҳнaт шaртнoмaлaрини тузиш вa ягoнa мaълумoт бaзaсидa рўйxaтдaн ўткaзиш мexaнизмлaри очиб берилган.

Шунингдек, меҳнат низоларини кўриб чиқиш жараёнида жамоатчилик назорати механизмлари акс эттирилди. Якка меҳнат низолари комиссияларда ёки судда ҳал этилиши ҳолатлари кўрсатилган, якка меҳнат низоcи медиаторга юборилишини жорий этиш, меҳнат арбитражи тизими йўлга қўйилади. Низоларни муқобил ҳал қилишнинг имкониятлари кенгайтирилиб, судлардаги иш ҳажми камайтирилди. Айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнати ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди.
Ишончим комилки, янги таҳрирдаги кодекс меҳнат муносабатлари соҳадасидаги қатор муаммоларни, меҳнат бозоридаги вазиятни инобатга олиб, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда, қонуний ҳал қилиш имконини беради.
Шу нуқтаи назардан, биз халқ вакиллари янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини фуқароларга, вазирликлар ва идоралар, жойлардаги ижро этувчи органларнинг мутасаддиларига ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакилларига етказишимиз лозим бўлади. Зотан, янги кодекснинг ижросини самарали ташкил этишга кўмаклашиш олдимизда турган энг устувор вазифалардан биридир.
Даврон Арипов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Кўпчилик фуқароларнинг асосий вақти деярли ишда ўтади. Бу эса иш жараёнида ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг меҳнат қилиш, касб танлаш, адолатли ва хавфсиз шароитларида ишлаш ҳамда ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатлашни тақозо этади.

Шу сабабли янги кодексда ходимларнинг ўз ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қилиш тартиби аниқлаштирилди. Жорий этилган тартибга асосан, ўзини-ўзи ҳимоя қилиш мақсадида ходим ўз ҳаётига ва соғлиғига бевосита таҳдид солувчи ишни бажаришни, шунингдек, иш берувчининг талабига кўра меҳнат шартномасида назарда тутилмаган ишни бажаришни рад этиши мумкин. Бунда ходим ўзининг бевосита раҳбари ёхуд иш берувчининг бошқа вакилини ёзма шаклда хабардор қилиб қўйиши талаб этилади.
Ушбу ҳужжатда меҳнат хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган нормалар ўз аксини топди, мослаштирилган иш режими деган тушунчалар ҳам киритилди. Масофадан ишлаш тизимининг ҳуқуқий асослари яратилиб, масофадан ишловчилар меҳнатининг ўзига хос хусусиятларини белгиловчи алоҳида параграф киритилгани эса яна бир муҳим янгиликлардан бири бўлди. Қисқаси, янги Кодексда ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб янги нормалар ўз ифодасини топган.