Янги лойиҳаларга йўл очилди
Бугун халқаро ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, Хитой билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янги мазмун билан бойитиш Тошкент вилояти шаҳар ва туманлари учун ҳам янги имкониятларни очмоқда.
Хусусан, шу кунларда Хитой Халқ Республикасида хизмат сафари билан бўлиб турган Тошкент вилояти делегацияси таркибидаги туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан музокараларни давом эттирмоқда. Жумладан, Олмалиқ шаҳри ҳокими Барҳаёт Мелиев Юҳан шаҳри ҳокими ўринбосари Hong Jianliang ҳамда хитойлик тадбиркорлар билан учрашди.
Мулоқотда Олмалиқ шаҳрининг инвестициявий салоҳияти, хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ва мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Томонлар янги инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ва янги иш ўринлари яратиш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув давомида “STRATEGY HG NAVI CAPITAL PTE.LTD.” компанияси билан Олмалиқ шаҳрида умумий қиймати 34,5 миллион АҚШ доллари бўлган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Лойиҳа доирасида металл, шиша, муҳандислик пластмассалари ҳамда санитария-техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Шунингдек, 2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳисобига пластикдан маиший жиҳозлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича режалар белгиланди.

Музокараларда Олмалиқ ва Юҳан шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Томонлар инвестиция, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва бошқа йўналишлардаги алоқаларни кенгайтириш бўйича ҳам келишувларга эришди.
Эришилган келишувлар Олмалиқ шаҳрининг инвестициявий салоҳиятини янада ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА