Европа Иттифоқи делегацияси Намангандаги касбий таълим муассасаси фаолияти билан танишди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар бошчилигида элчилар ҳамда дипломатик ваколатхоналар вакилларидан иборат делегация Наманган вилояти ҳудудий қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультетида бўлди.
Ташриф давомида делегация аъзолари Касбий таълимни ривожлантириш институти ҳузуридаги мазкур факультетда яратилган шароитлар, ўқув жараёни ва тингловчилар учун ташкил этилган имкониятлар билан танишди.
Айни пайтда факультетда 6 та таълим йўналиши бўйича ишлаб чиқариш таълими усталарининг малакаси оширилмоқда. Механика муҳандислиги, пайвандловчилик, қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш, енгил саноат муҳандислиги, энергетика муҳандислиги ҳамда умумий овқатланиш хизматларини ташкил этиш йўналишларида ўқув машғулотлари олиб борилмоқда.
Малака ошириш курслари Касбий таълимни ривожлантириш институти томонидан тасдиқланган 144 соатлик ўқув режа ва дастурлар асосида ташкил этилган. Таълим жараёни 2 ҳафта масофавий ва 2 ҳафта кундузги шаклда йўлга қўйилган.
[gallery-31484]
Халқаро делегация вакиллари ўқув хоналари, тингловчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, ишлаб чиқариш таълими усталарининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар ҳақида маълумот олди.
Мазкур учрашув касбий таълим соҳасида тажриба алмашиш, илғор ўқитиш усулларини оммалаштириш ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА