Янги космик даврда яшашга тайёрмизми? (+видео)
Бугун бутун дунёда космик технологиялар жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон ҳам бу соҳада ўз имкониятларини кенгайтиришга интилмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қарор ва фармонларда ҳам аниқ режалар, вазифалар белгиланган.
Хусусан, Президентимизнинг “Космик тармоқни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан космик тармоқни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Космос деганда кўпчиликнинг кўз олдига ракета ва сунъий йўлдошлар келади. Бу соҳа оддий одамларнинг ҳаётида қандай ўзгаришларга сабаб бўляпти?
Бугун ёшларимиз космик соҳада ўз ихтироларини яратиши учун қандай имкониятлар бор?
Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида “Ўзбеккосмос” агентлиги бўлим мудири Хумоюн Раҳмоновга юзландик.
— Шу йўналишда қабул қилинаётган ҳужжатлар айнан космик технологиялар ва космик маълумотларни иқтисодиётимизга амалий татбиқ қилишга қаратилган, – дейди Хумоюн Раҳмонов – Шу ўринда "Бу бизга нима беради?" деган савол туғилади. Яъни ҳозирги кунда иқтисодиёт тармоқларида жуда кўп муаммолар ва ечим кутаётган масалалар турибди. Ўзкосмос агентлиги томонидан тақдим этилаётган лойиҳалар айнан шу муаммоларнинг ечимига эътибор қаратяпти. Чунки бугун биз янги космик даврда яшаяпмиз. Мисол учун кадастр, экология, геология ёки қишлоқ хўжалиги соҳалари бўладими, рақамлаштириш жараёнида ушбу соҳаларда маълумотларни тўғри аниқлаш ва тўғри қарор қабул қилиш учун агентлигимиз мутахассислари тинмай изланиш олиб боришяпти. Хориж тажрибаларини ўрганишяпти.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлашни хоҳлардик. Бугун Марсни, ой ва юлдузлар ҳолатини кузатувчи, уларга доир тадқиқотлар ва янгиликларни ўрганувчи оддий инсонлар орамизда кўп. Улардан бири фарғоналик Орифжон Шерматов. Уннинг асли касби токарлик, яъни металларга ишлов берувчи уста.
— Болалигимдан астрономия соҳасини ўрганишга қизиқиб, учувчи бўлишни жуда хоҳлаганман, —дейди Орифжон биз билан суҳбатда. — Ўзимни телескопимда кузатувлар, тажрибалар қилардим. Икки йил олдин ижтимоий тармоқлар орқали телескопимда осмон объектлари — ой, сатурн, Юпитер сайёрасини жонли эфир орқали кўрсатишни бошлаб, коинотга қизиқадиган одамлар битта мен эмас, миллионлар эканига гувоҳ бўлдим. Чунки коинот чексиз билим уммони. Биз инсонлар осмонга қараб, ердаги ҳаётни ўзгартирамиз.
Ўзбекистонда астрономия, физика, айниқса электроникага қизиқиш жадаллик билан ортиб бормоқда. Ёшларнинг интилишини оширадиган тўгараклар, жамоа бўлиб ишловчи гуруҳлар тобора кўпайяпти. Яқинда Ўзбекистон терма жамоаси Кореянинг Инчхон шаҳрида ўтказилган халқаро робототехника мусобақасида 190 га яқин жамоа орасида биринчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпиони бўлиб қайтганидан ҳаммамизнинг хабаримиз бор. Ўзбекистонга катта ютуқлар олиб келадиган ана шундай янгиликлар кўпаяверсин.
Н. Раҳмонова, Н. Абдувоитов, Д. Ёқубов (видео), С. Обиджонов (монтаж), ЎзА