Ўзбекистонда булутли технологиялар инфратузилмаси ривожлантирилади
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Oracle компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Унда Oracle компаниясининг Европа, Яқин Шарқ ва Африка минтақаси бўйича Мид-Маркет йўналиши катта вице-президенти Чериан Варгезе онлайн иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистонда булутли технологиялар инфратузилмасини ривожлантириш, маълумотлар марказлари имкониятларини кенгайтириш ҳамда Oracle’нинг илғор технологик ечимларини мамлакатимизда жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, Oracle компанияси вакиллари томонидан OCI платформасининг имкониятлари, булутли инфратузилма ечимлари тақдим этилди. Музокараларда маълумотлар суверенитетини таъминлаш, ахборот хавфсизлигини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, сунъий интеллект соҳасидаги илғор технологиялардан фойдаланиш, мамлакатда зарур инфратузилмани шакллантириш ва ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар ҳамкорликнинг бир нечта моделини, жумладан, фақат давлат эҳтиёжлари учун мўлжалланган ҳамда телекоммуникация операторлари ва бошқа тижорат ташкилотларига ҳам хизмат кўрсатиш имконини берувчи моделларни кўриб чиқди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА