Ўзбекистонда гидроэлектр станциялари сони 106 тага етди (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ фаолияти, соҳадаги ислоҳотлар ва истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимиздаги ГЭСлар сони 36 тадан 106 тага етказилиб, умумий ўрнатилган қувват 2,5 ГВтни ташкил этди.
2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида жамият томонидан 6 642,7 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, режа 120 фоизга бажарилди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 124 фоизни ташкил этди. Электр энергияси қиймати 3 триллион сўмга етди, кунлик ишлаб чиқариш ҳажми эса илк бор 50 миллион кВт.соатдан ошди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Фаррух Нуруллаев жамиятнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва рақамли трансформацияни жадаллаштириш устувор вазифалар эканини таъкидлади.
– Бизнинг асосий мақсадимиз жамиятнинг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланишдир. Харажатларни мақбуллаштириш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш ҳамда инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали инвестициявий жозибадорликни оширишни мақсад қилганмиз, – деди Ф.Нуруллаев.
Тадбирда айтиб ўтилганидек, ўтган даврда 151,9 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, белгиланган режа 110 фоизга бажарилган. Шундан 48,7 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келиб, ушбу йўналишдаги режа 141 фоизга ижро этилган. Жамиятнинг ўз маблағлари ҳисобидан эса 103,2 миллион доллар инвестиция йўналтирилган. Шунингдек, умумий қуввати 74,3 МВт бўлган 9 та энергетика лойиҳаси ишга туширилиб, 120 га яқин янги иш ўрни яратилган.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Азимжон Аҳмаджоновнинг қайд этишича, инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш, янги ГЭСларни қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш устувор вазифалардан ҳисобланади.
– Мамлакатимиз гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ва инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бунинг учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва замонавий технологияларни жорий этиш устида ишлаяпмиз. Шу билан бирга, саноат ишлаб чиқариши ва маҳаллийлаштириш йўналишида ҳам муайян натижаларга эришяпмиз. Хусусан, жамиятда 576,3 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 8 та маҳаллийлаштириш лойиҳаси доирасида 177,2 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди. Харажатларни мақбуллаштириш орқали эса 156,4 миллиард сўм маблағ тежалди, – деди А.Аҳмаджонов.
Матбуот анжумани якунида журналист ва блогерларнинг саволларига масъуллар томонидан батафсил жавоб берилди.
Насиба Зиёдуллаева,
Дониёр Ёқубов,
Анвархўжа Аҳмедов (видео+монтаж),
ЎзА