Янги ишлаб чиқариш қуввати фойдаланишга топширилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги Қоражон маҳалласида жойлашган Кичик саноат зонаси ҳудудида “BAO LONG XALQARO” МЧЖнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилди.
Умумий қиймати 10 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур инвестиция лойиҳаси хитойлик инвестор Lin Weijun билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Лойиҳа доирасида балиқ озуқаси ишлаб чиқариш қуввати кунига 75 тоннага етказилди. Бу эса нафақат ички бозорни сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминлаш, балки келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратади.



Энг муҳими, хорижий сармояларни жалб этиш орқали туманда янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлигини таъминлаш ва замонавий ишлаб чиқариш технологиялари жорий этилмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири