“Нарпай” канали бетонлаштирилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Навоий вилояти Кармана туманида аҳоли ва қишлоқ хўжалиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган “Нарпай” канали бетонлаштирилиб, тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
“Нарпай” канали ҳудуддаги муҳим суғориш иншоотларидан бири ҳисобланади. У орқали минглаб гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонлари сув билан таъминланиб келинмоқда. Дастлаб канал атрофида ўрганиш ишлари олиб борилиб, жараёнда реконструкция ишларига тўсқинлик қилаётган айрим ноқонуний қурилмалар ва иншоотлар мавжудлиги аниқланиб, қурилиш-монтаж ишларини белгиланган муддатларда ва сифатли амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида аниқланган ҳолатлар бартараф этилди.
Мазкур лойиҳага 6,7 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 4,8 километр масофадаги канал тўлиқ реконструкция қилинди. Натижада 5 минг 134 гектар суғориладиган ер майдонининг сув таъминоти яхшиланиб, 30 фоиз сув йўқотилишининг олдини олишга эришилди. Сувнинг далаларга етиб бориш муддати қисқарди.

– Олдинги даврда мана шу каналимиздан келадиган сувнинг фойдали иш коэффициенти 61 фоизни ташкил қилган бўлса, реконструкция қилиниб, бетон қопламага ўтказганимиздан сўнг 90 фоизга етди, – дейди Қуйи Зарафшон ирригация тизими ҳавза бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳодир Раҳимов. – Бу канал орқали ҳозир 7 минг гектар ер майдони суғорилади Бундан ташқари, қурилаётган “Янги Навоий шаҳарчаси”ни тўлиқ ободонлаштириш ишлари, кейин Алишер Навоий боғини сув билан таъминлаш режалаштирилган. Барча ирригация, гидротехника иншоотлари янгидан қуриб битказилди. Замонавий “ақлли” сув ўлчагичлар ўрнатилиб, автоматлаштирилган тарзда сувларни ўлчаб, маълумотларни базага тақдим қилиб боради. Авваллари фермерларимиз каналдан сув олишга қийналарди. Сув танқислиги эса сезиларди. Энди эса бу муаммога барҳам берилди.
Ушбу лойиҳа 2025 йил октябрь ойидан бошланган бўлиб, асосан, Нарпай ҳудудини сув билан таъминлайди. Сув билан таъминланган ер – меҳнат учун кенг майдон, меҳнат эса фаровонлик манбаидир.

– 2001 йилдан буён фермер хўжалигини юритиб келмоқдаман, – дейди фермер Мурод Назаров. – Олдинги йилларга нисбатан ушбу бетонлаштириш ишлари бошлангандан буён сув анча иқтисод қилинмоқда. Шу билан бирга, сув тежалиши ҳисобига ундан фойдаланиш самарадорлиги ортиб, экинларимиз ва далаларимизда пахта ҳамда ғалла ҳосилдорлиги ошмоқда. Қўшимча экинлар экиш учун ҳам шароитлар яратиляпти.
Каналда олиб борилган реконструкция ишлари ўз навбатида қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолияти самарадорлигини кучайтириш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади. Шунингдек, сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш орқали экологик барқарорликни таъминлашга ҳам муҳим ҳисса қўшади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу реконструкция ишлари ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ижобий таъсир кўрсатиб, аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири