Мурожаатлар билан ишлаш – очиқлик ва амалий ечимлар мезони
Фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини ўз вақтида, холис ва самарали кўриб чиқиш давлат органлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларда кўтарилган масалаларга амалий ечим топиш ҳамда зарур тушунтиришлар беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йил шу кунига қадар Агентликка жисмоний ва юридик шахслардан жами 135 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 51 таси электрон шаклда, 82 таси Виртуал қабулхона орқали, 1 таси шахсий қабулда ва яна 1 таси ишонч телефони орқали қабул қилинган.
Мурожаатлар динамикасига назар ташланса, уларнинг сони ўтган йилнинг ҳисобот даврига нисбатан 94 тага, яъни 41 фоизга камайгани кўринади. Хусусан, 2025 йилнинг тегишли ҳисобот даврида Агентликка 229 та мурожаат келиб тушган.

Мурожаатларнинг мазмун-моҳияти таҳлил қилинганда, улар асосан маҳсулотларни сертификатлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология, аккредитация ҳамда стандартлар ва меъёрий ҳужжатлар билан таъминлаш масалаларига тааллуқли экани маълум бўлди.
Жумладан, 56 та мурожаат маҳсулотларни сертификатлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш, 38 таси техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари, 11 таси ўлчов воситаларини метрологик қиёслашдан ўтказиш, 8 таси зарур стандартлар ва меъёрий ҳужжатлар билан таъминлаш, 3 таси аккредитация масалаларига оид бўлган.
Шунингдек, аҳолига сотилаётган маҳсулотларнинг сифатини ўрганиш ва тегишли чоралар кўриш юзасидан 3 та, ишга жойлашишда амалий ёрдам сўраб 4 та мурожаат келиб тушган. 1 та мурожаат Агентлик ваколат доирасига кирмайдиган масалага, 11 таси эса бошқа турли масалаларга тегишли.
Мурожаатларнинг ҳар бири белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, мурожаат эгаларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган чоралар кўрилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида 50 та мурожаатда кўтарилган масала ижобий ҳал этилган. 69 та мурожаат эгасига амалдаги қонунчилик талаблари асосида тегишли тушунтиришлар берилган. 13 та мурожаат эса тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилган. Айни пайтда 3 та мурожаатни кўриб чиқиш жараёни давом этмоқда. Муҳими, белгиланган муддати ўтган мурожаатлар мавжуд эмас.
Агентликда мурожаатлар билан ишлаш фақат қоғоздаги ёки электрон шаклдаги сўровларни кўриб чиқиш билан чекланиб қолмаяпти. Фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масалаларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва амалий кўмак кўрсатиш мақсадида ҳудудларда сайёр шахсий қабуллар ҳам мунтазам ташкил этилмоқда.
Агентликнинг 2026 йил 8 январда тасдиқланган ҳудудларда сайёр шахсий қабулларни ўтказиш режа-жадвалига мувофиқ, жорий йилда бугунги кунга қадар жами 12 та сайёр шахсий қабул ўтказилди. Шундан 9 таси режали, 3 таси режадан ташқари қабулларни ташкил этди.
Сайёр қабуллар Агентлик тизимидаги масъул раҳбарлар ва ташкилотлар иштирокида республика ҳудудларида ўтказилди. Давлат назорат инспекцияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида 4 та, “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат муассасаси томонидан Андижон, Хоразм, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида 4 та ҳамда Стандартлар институти томонидан Жиззах, Бухоро ва Навоий вилоятларида 3 та сайёр шахсий қабул ўтказилди.
Бундай қабуллар орқали фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини бевосита эшитиш, масалаларни чуқур ўрганиш ва уларни ваколат доирасида ҳал этиш имконияти кенгаймоқда.
Мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги, аввало, аҳоли ва тадбиркорларнинг давлат органларига бўлган ишончи билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис Агентлик тизимида мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш, ҳар бир масалага масъулият билан ёндашиш, қонунчилик талабларига риоя этиш ва мурожаат эгаларига аниқ ҳамда асосланган жавоб бериш устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда.
Энг муҳими, мурожаатларда кўтарилаётган масалаларни чуқур таҳлил қилиш орқали тизимдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларнинг сабабларини бартараф этиш ва фуқаролар ҳамда тадбиркорларга қулай шароит яратишга қаратилган амалий чоралар изчил давом эттирилмоқда.
Расулов Рауфжон,
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш
агентлиги директори матбуот котиби,
ЎзА