Янги иншоотлар очилди
Урганч давлат педагогика институтининг 7 қаватли, 1000 ўринли янги ўқув биноси ҳамда 300 ўринли Маданият саройи фойдаланишга топширилди.
Мазкур замонавий иншоотларнинг фойдаланишга топширилиши Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда янги ўқув йили арафасида институт жамоаси ва талаба-ёшлар учун муносиб туҳфа бўлди.

Очилиш маросимида Хоразм вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов, институт раҳбарияти, фахрий устозлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

– Урганч давлат педагогика институтида замонавий таълим муҳитини яратиш, талаба-ёшлар учун муносиб шароитларни таъминлаш борасидаги бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда, – дейди Урганч давлат педагогика институти ректори вазифасини бажарувчи Диёржон Абдуллаев. – Янги ўқув биносининг фойдаланишга топширилиши институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, талаба-ёшлар учун янада қулай ва замонавий таълим шароитларини яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Мазкур таълим даргоҳида талаба-ёшларнинг сифатли таълим олиши учун қулай шароитлар яратилган бўлиб, янги бинолар институтнинг таълим салоҳиятини янада юксалтиришда, замонавий таълим, кенг имкониятлар ва ёрқин келажак сари муҳим қадамдир.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири