Тошкентда Ибн Сино меросига бағишланган халқаро конференция ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида “Ибн Сино – Ғарб ва Шарқ фалсафий тафаккурининг буюк намояндаси” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Анжуман буюк мутафаккир, қомусий олим ва табиб Абу Али ибн Синонинг бой илмий-фалсафий меросини чуқур ўрганиш, унинг жаҳон илм-фани ва фалсафий тафаккури тараққиётига қўшган ҳиссасини кенг ёритиш, аллома асарлари юзасидан халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланди.
Тадбирда мамлакатимиз олимлари билан бир қаторда Тожикистон, Эрон, Ўмон, Миср, Япония, Франция ва Афғонистондан шарқшунослар, файласуфлар, матншунослар ҳамда тиббиёт тарихи бўйича мутахассислар иштирок этди. Конференция анъанавий ва Zoom платформаси орқали масофавий шаклда ташкил этилди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимов, Шарқшунослик институти директори, тарих фанлари доктори, профессор Комилжон Раҳимов ҳамда олий таълим муассасалари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, Ибн Синонинг илмий мероси жаҳон цивилизацияси тараққиётида алоҳида ўрин тутади. Аллома асарларини замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш, қўлёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш ва илмий муомалага киритиш, шунингдек, уларни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Конференция 2030 йилда Абу Али ибн Сино таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш борасидаги илмий-ташкилий ишларга ҳам хизмат қилади.
Анжуманнинг илмий дастури доирасида Ибн Синонинг фалсафий қарашлари, фанлар таснифи, табиатшунослик ва тиббиёт соҳаларидаги илмий ёндашувлари, шунингдек, унинг асарларини тадқиқ этишнинг долзарб масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.
Хусусан, “Тиб қонунлари” асарининг Теҳрон университетида сақланаётган 1109–1110 йилларга оид қўлёзма нусхаси ҳақида маълумот берилди. Унинг тузилиши, матннинг хусусиятлари ва тарихий аҳамияти юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, “Китоб аш-шифо” асарининг табиатшуносликка оид бўлими бўйича янги изоҳли ўзбекча талқинни тайёрлашнинг мақсад ва вазифалари, илмий аҳамияти муҳокама қилинди.
Қўлёзмаларни электрон каталоглаштириш, рақамли нусхаларини яратиш, тарихий матнларни замонавий ахборот технологиялари ёрдамида тадқиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай ёндашувлар ноёб ёзма манбаларни асраб-авайлаш, улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим омил экани қайд этилди.
Конференцияда Ибн Синонинг тиббий меросини замонавий илм-фан ютуқлари билан уйғун ҳолда ўрганиш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди.
Жумладан, алломанинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаларига оид қарашлари, юртимизда ўсадиган доривор ўсимликлар асосида инновацион технологиялар ёрдамида фитопрепаратлар яратиш имкониятлари таҳлил этилди. “Китоб ал-ҳайвон” асарида юрак ва ўпка фаолияти, шунингдек, доривор ўсимликлар хусусиятларига оид маълумотлар юзасидан илмий фикрлар билдирилди.
Анжуман давомида Ибн Синонинг фалсафий, адабий ва ахлоқий меросига бағишланган маърузалар ҳам тақдим этилди. Уларда борлиқ ва билиш, макон ва замон, жон ва руҳ, инсон камолоти, ахлоқий қадриятлар ҳамда шахснинг маънавий ривожланишига доир қарашлар таҳлил қилинди.
[gallery-32119]
Халқаро конференция Ибн Сино меросини ўрганиш борасидаги янги тадқиқот натижаларини тақдим этиш, илмий тажриба алмашиш ва хорижий олимлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Қайд этилганидек, буюк алломанинг бой илмий-фалсафий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш нафақат тарихий илмий анъаналарни асраб-авайлаш, балки ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий дунёқарашини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.
Камола Юсупова,
Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА