«FORMULA 35» — илм-фан ва кашфиётлар майдони
Пойтахтимиздаги Тошкент Ботаника боғида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот муассасалари иштирокида «FORMULA 35» илм-фан фестивали бўлиб ўтди. Тадбир ёшларнинг илм-фанга қизиқишини ошириш, замонавий илмий ютуқларни кенг жамоатчиликка таништириш ҳамда ёшларни илмий изланишларга рағбатлантиришга қаратилди.
Фестиваль анъанавий кўргазмалардан фарқли равишда иштирокчиларга илмий тажрибаларни бевосита кузатиш, уларда қатнашиш, ўз билимларини синовдан ўтказиш ва янги кашфиётлар олами билан яқиндан танишиш имконини берди.
Тадбир доирасида Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари томонидан 9 та интерактив илмий майдон ташкил этилди. Уларда кимё, астрономия, математика, биология, антропология, инсон саломатлиги, лазер ва плазма технологиялари, доривор ўсимликлар, адабиёт ва мультимедиа йўналишларида қизиқарли тажрибалар, кўргазмали намойишлар ҳамда викториналар ўтказилди.
Айниқса, кимёвий тажрибалар, рангли реакциялар, микроскоп орқали тирик организмларни кузатиш, математик бошқотирмалар ва мантиқий топшириқлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, ташриф буюрувчилар телескоп ёрдамида осмон жисмларини кузатиш, инсон организми ва иммун тизимига оид маълумотлар олиш, лазер ва плазма ҳодисалари билан танишиш имкониятига эга бўлди.
Фестиваль давомида олимлар, тадқиқотчилар ва ёш мутахассислар иштирокчилар билан бевосита мулоқот қилиб, илмий изланишлар, замонавий технологиялар ва уларнинг кундалик ҳаётдаги аҳамияти ҳақида тушунчалар берди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, турли амалий машғулотларда фаол қатнашди.
[gallery-32117]
Тадбир якунида ташкил этилган илмий викториналар ва интерактив танловлар иштирокчиларнинг билим ва зукколигини синовдан ўтказишга хизмат қилди.
«FORMULA 35» фан фестивали илм-фан ютуқларини оммалаштириш, ёшларда тадқиқотчиликка қизиқиш уйғотиш ҳамда илм-фан ва жамият ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Муҳаммад АМИН (cурат), ЎзА