Янги давр олий дипломатияси
Давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш – ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши. ЎзА ушбу рукн орқали ҳафта давомида ўтказилган олий даражадаги дипломатик мулоқотлар тафсилотини тақдим этади.

Ўзбекистон – Тожикистон
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Миллий Мажлиси Раиси Рустами Эмомалини қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш, жумладан парламентлараро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодиёт, инвестиция, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги каби муҳим соҳалардаги шерикликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув якунида Рустами Эмомали икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ва парламентлараро алоқаларни ривожлантиришдаги хизматлари учун давлатимизнинг юксак мукофоти “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Туркия – Жанубий Корея
Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған 4 ноябрь куни Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мённинг таклифига биноан саккиз йиллик танаффусдан сўнг ушбу мамлакатга ташриф буюрди. Учрашувда икки мамлакат стратегик шериклиги ва савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, ўзаро товар айирбошлаш қийматини 15 миллиард долларга етказиш, энергетика, ядровий технология, сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, аккумулятор ишлаб чиқариш ва мудофаа саноати соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, етакчилар халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашиб, БМТ, G20 каби кўп томонлама платформалар доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

Хитой – Ўмон
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин мамлакатга давлат ташрифи билан келган Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид билан музокара ўтказди. Учрашувда икки мамлакат стратегик шериклигини янада ривожлантириш, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, энергетика ва юқори технология соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, саноат, сунъий интеллект, илм-фан, таълим, туризм ва инфратузилма йўналишларидаги алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олинди. Етакчилар Яқин Шарқ ва Форс кўрфази минтақасида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, низоларни сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал этиш ҳамда халқаро майдондаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Учрашув якунида саноат ва таъминот занжири, яшил тараққиёт ҳамда рақамли молия соҳаларини қамраб олган ҳужжатлар имзоланди.

Украина – Германия
Украина Президенти Владимир Зеленский Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашувда Киевга халқаро ёрдам кўрсатиш, тинчликка эришиш борасидаги дипломатик саъй-ҳаракат ҳамда энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Зеленский Украинадаги вазият, жумладан Россия ҳужуми оқибатида Киев ва мамлакатнинг беш вилоятидаги энергетика объектларига етказилган зарар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Германия Президентининг шахсий ҳомийлигида бўлган Чернигов вилоятига энергетика соҳасида ёрдам кўрсатиш масаласи кўриб чиқилди. Украина раҳбари халқаро ҳамкорлар яқинлашаётган қиш мавсумини муваффақиятли ўтказишда мамлакатга кўмаклашишидан умидворлигини билдирди.

Сурия – Саудия
Сурия Президенти Аҳмад Аш-Шараъ кеча Саудия Арабистони Валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан Ар-Риёд шаҳридаги Ал-Ямама саройида учрашув ўтказди. Музокара давомида ўзаро ҳамкорликни турли соҳаларда янада мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро воқеалар, шунингдек ўзаро манфаатли масалалар муҳокама қилинди. Томонлар минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар. Мазкур ташриф якуни бўйича икки мамлакат ўртасида турли соҳаларни қамраб олган қатор келишувлар имзоланиши кутиляпти.
Фардона Яхшибоева, ЎзА