Венесуэланинг экспорт даромадлари АҚШ назоратида(ми)?
АҚШ Молия вазирлиги 2026 йил январь–сентябрь ойларида Венесуэланинг нефть, минераллар ва ўғитлар экспортидан тушган 12,26 миллиард доллар маблағни махсус ҳисоб рақами орқали қабул қилиб, тақсимлаган. Бу ҳақда “The New York Times” газетаси хабар бермоқда.
“Venezuela Custody Account” деб номланган ҳисоб рақами дастлаб Қатарда очилган, январь ойи охирида эса Нью-Йоркдаги “Citibank”га кўчирилган. Маблағнинг асосий қисми 11,7 миллиард доллар Венесуэлада миллий валюта боливар курсини барқарорлаштириш мақсадида тижорат банкларига валюта савдоси учун ўтказилган.
Мамлакатнинг ташқи қарзлари ва халқаро мажбуриятларини қоплаш учун яна 130 миллион доллар ажратилган. Сентябрь ойи охирида ушбу ҳисоб рақамда 170 миллион доллар қолган, шунингдек, қарийб 12 миллион доллар фоиз даромади олинган.
Венесуэла нефтини сотиш бўйича ҳуқуққа эга бўлган “Trafigura” ва “Vitol” трейдинг компаниялари жами тушумнинг 61 фоизини таъминлаган. Ҳисобот мамлакатнинг барча экспорт даромадларини қамраб олмайди. Чунки “Chevron” ва маҳаллий “NABEP” компанияси алоҳида келишувлар асосида иш юритади.
Бундан ташқари, олтин экспортининг бир қисми норасмий каналлар орқали амалга оширилади. “KPMG” ҳисоботида қайд этилишича, барча молиявий ўтказмалар ва операциялар АҚШ Давлат департаменти ҳамда Молия вазирлиги вакилларининг бевосита розилиги билан амалга оширилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА