Ғазода тошқинлар минглаб кишиларни оғир аҳволга солди
Ғазо ҳудудида кучли ёмғир ва шамол оқибатида юзага келган тошқинлар сабабли муҳожирлар чодирлари ҳамда айрим бинолар қулаб тушди.
БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ОСҲА) маълумотларига кўра, ҳозирда Ғазо аҳолисининг 65 фоизи, яъни қарийб 1,4 миллион киши вақтинчалик чодирларда кун кечирмоқда.
Айрим ҳудудларда сув сатҳи 1,5 метргача кўтарилган. Фуқаро муҳофазаси хизматига келиб тушган 2 166 та ёрдам чақирувидан фақат 218 тасига жавоб беришнинг имкони бўлган. Шунингдек, 55 та ўқув майдончаси, тиббиёт муассасалари сув остида қолган, баъзи тиббий гуруҳлар ишини тўхтатишга мажбур бўлган.
Энг ачинарлиси, тошқин сувлари оқибатида канализация сувлари тошиб, аҳолининг кийим-кечак ва тўшакларини ифлослантирган, шунингдек, сув оқими портламай қолган снарядларни юзага чиқариши ёки бошқа жойга суриб кетиши хавфини оширган.
БМТ ва унинг ҳамкор ташкилотлари дренаж тизимларини яхшилаш, ҳудудларни қум қоплари билан мустаҳкамлаш ва шошилинч ёрдам етказиш ишларини олиб бормоқда. Тузилма вакиллари ва махсус координаторлар Исроиллик мутасаддиларни назорат-ўтказиш пунктлари орқали зарур сув насослари, оғир техника, эҳтиёт қисмлар, брезент ва қишки кийим-кечаклар каби инсонпарварлик ёрдамларини тўсиқсиз ва тезкорлик билан ўтказишга чақирмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА