Янги давр олий дипломатияси
Давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш – ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши. ЎзА ушбу рукн орқали ҳафта давомида ўтказилган олий даражадаги дипломатик мулоқотларнинг муҳим тафсилотларини тақдим этади.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин душанба куни Шимолий Кореяга давлат ташрифи билан келди. Уни Пхеньян халқаро аэропортида КХДР етакчиси Ким Чен Ин расман кутиб олди.
Ташриф доирасида икки давлат раҳбарлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинган.
Экспертлар фикрича, мазкур ташриф ХХР ва КХДР ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Шарқий Осиёдаги геосиёсий жараёнлар фонида икки ўлка муносабатларининг янги босқичини белгилаб бериши мумкин.

Минск шаҳрида Беларусь президенти Александр Лукашенко ва Гана етакчиси Жон Драмани Махама ўртасида бўлиб ўтган музокараларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Африка қитъасидаги ҳамкорлик имкониятлари, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.
Беларусь томони саноат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш, шу билан бирга, мутахассис кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳамкорликни таклиф этди. Учрашув якунларига кўра, икки ўлка ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олинди.

Деҳлида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес билан учрашди.
Томонлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хусусан энергетика, савдо-инвестиция, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, транспорт ва қайта тикланувчи энергия соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, учрашувда узоқ муддатли энергетик шерикликни ривожлантириш ҳамда муҳим минераллар ва тоғ-кон саноати соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Лондон шаҳрида Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Германия канцлери Фридрих Мерц, Франция президенти Эммануэль Макрон ва Украина етакчиси Владимир Зеленский иштирокида юқори даражадаги учрашув бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор Украинадаги ҳозирги вазият, Европа хавфсизлиги ва узоқ муддатли тинчлик йўлларини излаш масалаларига қаратилди.
Томонлар Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдамни давом эттириш, шунингдек, мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш борасида фикр алмашдилар. Шу билан бирга, Европа давлатларининг умумий позициясини мустаҳкамлаш ва халқаро майдонда мувофиқ ҳаракат қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА