Янги алифбо: Нима ўзгаради ва нега бу муҳим?
Жорий йил Ўзбек тили байрами куни Президентимиз лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонунни имзолади. Бу давлатнинг она тилимизга эътибори ҳам маънавий, ҳам амалий жиҳатдан бир нуқтада туташган кун бўлди.
Ушбу қонун билан нималар ўзгариши хусусида Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Феруза Муҳиддинова ўз фикрларини баён қилди:
—Янги таҳрирга кўра, алифбо 26 ҳарф ва 3 ҳарф бирикмаси ўрнига 28 ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат бўлди. Gʻ, Oʻ, Sh, Ch ўрнига Ğ, Ö, Ş, Ç ҳарфлари киритилди. Ng бирикмаси эса алифбодан чиқарилди. Натижада «бир товуш – бир ҳарф» тамойили қайта тикланди. Нега бу қадам асосли?
Биринчидан, лисоний мантиқ. Бир товушни икки белги билан ифодалаш ёзувда чалкашлик туғдиради. Масалан, «Исъҳоқ» исми амалда кўпинча «Исҳоқ» деб нотўғри ёзилади. Янги ҳарфлар бундай хатоларга чек қўяди. Иккинчидан, рақамли давр талаби.
Oʻ ва gʻ белгилари халқаро Unicode стандартида мустақил ҳарф сифатида мавжуд эмас. Тутуқ белгиси эса қўштирноқ билан адаштирилади. Бу ҳолат қидирув тизимлари, электрон тўлов хизматлари, автоматик таржима ва электрон луғатларда жиддий муаммоларга сабаб бўлиб келди. Ўзбек тили сунъий интеллект ва рақамли технологиялар тилига айланиши учун ёзувимиз техник жиҳатдан мукаммал бўлиши шарт.
Ş ва Ç ҳарфлари 1929–1940-йиллардаги ўзбек лотин алифбосида қўлланилган. Бугун улар яна ёзувимизга қайтди. Бу ўзгариш ўзбек ёзувини турк, озарбайжон, туркман тилларининг ёзуви билан яқинлаштиради, туркий халқлар ўртасидаги маданий ва илмий ҳамкорликни енгиллаштиради. Конституциямизнинг 4-моддасида ўзбек тили давлат тили экани мустаҳкамланган. Янги қонун бу норманинг амалий ижросини таъминлайди. Энг муҳими, ўтиш босқичма-босқич амалга оширилади. Илгари берилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз юридик кучини сақлаб қолади. Бу фуқаролар манфаатини ҳимоя қилади, давлат бюджетига ортиқча юк туширмайди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА