Фёдор Лукьянов: Ўзбекистон ва Россия бир-бирини яхшироқ англаши учун умумий медиа контент зарур
Тошкентда бўлиб ўтаётган III Ўзбекистон – Россия медиа форумида ахборот ҳамкорлигини кенгайтириш, замонавий медиа муҳитини янада яхшилаш масалалари ва қўшма лойиҳалар истиқболи муҳокама қилинмоқда.
Бугун медиа нафақат ахборот алмашинуви, балки жамият ҳаёти ва мамлакатлар ўртасидаги ўзаро тушунишга таъсир кўрсатувчи муҳим омилга айланган. ЎзА мухбири форум иштирокчиси, «Россия в глобальной политике» журнали бош муҳаррири, «Валдай» халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси илмий директори Фёдор Лукьяновнинг фикрини ёзиб олди.
– Барчада илиқ таассурот қолдираётган форум ҳар икки томон учун манфаатли экани шубҳасиз. Бугун медиа фақат журналистика ёки ахборот алмашинуви эмас, балки ҳар инсонлар ҳаётини белгилаб бераётган рақамли ва коммуникация муҳитининг бир бўлагига айланган. Шунинг учун тадбирлар аҳамияти аввалгидан анча юқори.
Асосий мақсад бир марта чиройли анжуман ўтказиб, кейин яна уч йилгача тарқалиб кетиш эмас. Бугун ҳар биримиз улкан ахборот муҳити ичида яшаяпмиз. Агар давлат ва медиа ташкилотлари одамларга шу ахборот оқимида тўғри йўналиш топишга ёрдам бермаса, киши адашиб қолиши ҳеч гап эмас.
Биргаликда ёритиш, чуқур ўрганиш зарур бўлган мавзулар кўп. Бу нозик ва мураккаб бўлса-да, муҳим тарихий масалалар, шунингдек мамлакатларимизда кечаётган замонавий жараёнлардир.
Биз ўзаро яқин алоқадамиз: Россия ва Ўзбекистон орасида бориб-келди яхши. Шунга қарамай, Россияда замонавий Ўзбекистон ҳақидаги тасаввур етарли эмас. Ўзбекистонда ҳам баъзан бугунги Россияда қандай ўзгаришлар юз бераётгани тўлиқ англанмайди. Ҳатто, биз ўзимиз ҳам юртимиздаги ўзгаришлар тезлигидан баъзан ҳайратга тушамиз.
Шу боис умумий медиа контент яратиш муҳим. Медиа фақат сиёсат эмас, балки йирик бизнес, инвестиция ва йирик лойиҳаларни қамраб олади. Мазкур йўналишда имконият кўп. Масалан, рақамли платформалар Ўзбекистонда жуда фаол ишлаяпти. Бу борада мамлакатнинг истиқболи порлоқ.
ЎзА мухбири Мусулмон Зиё тайёрлади.