Яманга элтувчи хавфли йўл: денгизда 139 киши ҳалок бўлди
Африка шарқида жойлашган Жибути қирғоғида мигрантлар қайиғи чўкиб кетиши оқибатида камида 139 киши ҳалок бўлган, 84 киши бедарак йўқолган. БМТ Халқаро миграция ташкилоти маълумотига кўра, қайиқда Яманга йўл олган 305 киши бор эди.
Фожеа 9 октябрга ўтар кечаси Обок шаҳри яқинида юз берган. Қутқарувчилар саъй-ҳаракати билан марҳумларнинг жасади, шунингдек 80 дан кўп одам тирик ҳолда сувдан олиб чиқилган. Йўқолганларни қидириш давом этяпти.
Жибути Яман ва Форс кўрфази давлатларига ўтишга уринаётганлар учун муҳим йўналиш ҳисобланади. Қитъадаги қашшоқлик ва хавфсизлик муаммоси, иқлим ўзгариши оқибати минглаб одамни хатарли денгиз сафарини танлашга мажбур қилмоқда. Жорий йил март ойида ҳам Жибути қирғоғида қайиқ чўкиб, тўққиз киши ҳалок бўлган, 45 киши бедарак йўқолган эди.
Мусулмон Зиё, ЎзА