ЕХҲТ конференциясида “Навоий тажрибаси” тақдим этилди
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Инсон ҳуқуқлари конференциясида Навоий вилоятидаги “Ноила” ижтимоий кўмак, ҳуқуқий тарғибот ва мониторинг марказининг фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жамоатчилик назоратини ривожлантириш борасидаги тажрибаси тақдим этилди.
Навоий вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши котиби, вилоят Коррупцияга қарши курашиш кенгаши аъзоси Мансуржон Ҳамидов конференцияда иштирок этиб, фуқаролик жамияти институтларининг аҳоли ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни ҳамда Навоий вилоятида бу борада тўпланган амалий тажриба ҳақида маълумот берди.

ЕХҲТга аъзо 57 давлат ва 20 дан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари иштирок этаётган анжуманда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат бошқарувида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ва фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Тақдимотда “Ноила” марказининг фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда аҳоли мурожаатлари ва ижтимоий сўровлар орқали мавжуд муаммоларни аниқлашга қаратилган фаолияти ёритилди. Шунингдек, жамоатчилик кенгашлари фаолиятини баҳолаш ва аҳолини қийнаётган масалаларни ўрганиш орқали уларнинг ечимига кўмаклашиш тажрибаси ҳақида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, сўнгги икки йилда марказ томонидан 500 нафардан ортиқ фуқарога бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Мактаб ва ташкилотларда ўтказилган ижтимоий сўровлар эса аҳолини қизиқтирган масалаларни аниқлаш, мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ва улар юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилган.
Халқаро конференцияда “Навоий тажрибаси”нинг тақдим этилиши фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш борасидаги амалий фаолиятини халқаро миқёсда намоён этиш имконини берди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири