Трамп сулҳ эълон қилди, Зеленский эса келишувдан бехабар
АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия ва Украина энергетика инфратузилмасига ҳужумни дарҳол тўхтатишга келишганини эълон қилди. Украина етакчиси Владимир Зеленский эса бундай келишув ҳақида биринчи марта Трамп баёнотидан эшитганини айтди. Демак, Вашингтон эълон қилган "энергетика сулҳи" амалда кучга киргани ҳозирча тўлиқ тасдиқланмаган.
Киевнинг ёндашуви ўзгармаган: Украина Россия нефтни қайта ишлаш заводларига зарба берилишини тўхтатишга тайёр. Фақат бу Москва ҳам Украина энергетика объектларига ҳужумни тўхтатгандагина амалга ошади. Зеленский айни келишув қуруқ ваъда эмас, аниқ кафолатга таяниши шартлигини таъкидлади.
Энергетика сулҳи ҳақидаги баёнот Трамп Зеленскийни Россия нефть корхоналарига ҳужумни тўхтатишга очиқчасига чақирганидан бир кун ўтиб янгради. Украина раҳбари эса сайлов ўтказиш масаласида Москвага шарт қўйди: Россия 60 кунлик тўлиқ ўт очишни тўхтатишга рози бўлса, Киев сайловни ташкил этишга киришади. Украина қонунчилиги ҳарбий ҳолат даврида сайлов ўтказишни тақиқлайди.
Мусулмон Зиё, ЎзА