Ялпи мажлис: Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда фахрийларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурсларга бўлган имкониятлари янада ошириш, ўрмон фонди ерларини муҳофаза қилишни кучайтириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш ҳамда парламент назоратига доир масалалар кўриб чиқилиши белгиланган.
Мажлисда дастлаб Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилди. Кун тартибидаги масала юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурхонов ахборот берди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида коррупцияга қарши курашиш борасида ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар тизимли амалга оширилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Ҳукумат фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш ва масъулиятини ошириш, бюрократияни камайтириш ва давлат хизматларини рақамлаштириш, коррупциянинг олдини олишга қаратилган превентив механизмлар амалиётга кенг татбиқ этилмоқда.
Соҳада қабул қилинган қонунлар, Президент фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг 2025 йил 5 март куни бўлиб ўтган йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш бўйича кўрилган чоралар натижасида парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг коррупцияга қарши курашишдаги иштироки янги босқичга олиб чиқилди.

Хусусан, 2025 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш, соҳаларда коррупция омилларини бартараф этиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан 37 та таҳлилий маълумот тайёрланган. Улар бўйича 19 та янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Шунингдек, маиший коррупциянинг олдини олиш бўйича “Андижон тажрибаси”, фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашишда фаоллигини ошириш бўйича “Навоий тажрибаси”, рақамлаштириш бўйича “Самарқанд тажрибаси” каби ижобий тажрибалар яратилиб, бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, комплаенс хизматининг ташкил этилиши, давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосарлар фаолиятининг йўлга қўйилиши коррупцияга қарши курашиш борасидаги янгиланишлар изчиллигини таъминлаш ва жойларда чора-тадбирлар ижросини самарали ташкил этишда катта туртки бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан Агентлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, илмий муассасалар, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ва фуқаролик жамияти институтларининг доимий ҳамкорлигига асосланган “Коррупциянинг олдини олиш кластери” жорий этилди.
Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, соҳада тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжудлиги қайд этилди.
Шунингдек, давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви, давлат органларининг очиқлиги ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитлар тўлиқ бартараф этилмагани, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги қонунда белгиланган талаблар тўлиқ ижро этилмасдан қолаётгани депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Халқ вакиллари Агентлик томонидан коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имижига зарар етказувчи жиноятлар сабаб ва шарт-шароитларини комплекс таҳлил қилиш, бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши билан боғлиқ материалларни ўрганиш, мансабдор шахсларнинг қарорлари қонунийлиги юзасидан ўтказилаётган назорат самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар беришди.
Мажлис якунида соҳани такомиллаштириш ҳамда Агентлик томонидан амалга оширилиши лозим бўлган қатор таклифлар ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Насриев,
ЎзА