Ўзбекистоннинг бой мероси хорижликлар нигоҳида (+видео)
Андижон шаҳрида яқинда бўлиб ўтган ТУРКСОЙ тадбири доирасида хориждан ташриф буюрган меҳмонлар Ўзбекистоннинг туркий дунё маданий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Улар мамлакатимизда маданий меросни асраб-авайлаш, халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва турли халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада кучайтиришга қаратилган ташаббусларни юқори баҳолади.
Шунингдек, меҳмонлар йил давомида “Андижон – туркий давлатлар маданият пойтахти” лойиҳаси доирасида режалаштирилган ТУРКСОЙ Ёзувчилар уюшмаси йиғилиши, IV халқаро театр фестивали, Туркий дунё музейлари учрашуви, Экспертлар йиғини ва ТУРКСОЙ Доимий кенгашининг 43-йиғилиши каби нуфузли тадбирлар нафақат Андижон, балки бутун Ўзбекистоннинг маданий салоҳиятини янада кенг намоён этишини таъкидлади.
ICESCO дастурлар директори Билел Шебби ҳам Ўзбекистон ҳақида илиқ фикрларини билдириб, мамлакатимизнинг бой маданий мероси ва унинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси алоҳида эътирофга лойиқ эканини қайд этди.
– Менимча, бу Ўзбекистон учун жуда муҳим тадбир. Бу орқали мамлакат ўзининг бой маданияти ва бебаҳо меросини бутун дунёга янада кенгроқ намоён этади. Шунингдек, Ўзбекистон билан бошқа давлатлар ўртасидаги маданий алмашинув ҳам янги босқичга кўтарилади. Айниқса, араб дунёси тарихи ва маданиятида Ўзбекистоннинг ўрни беқиёс. Бу юртдан етишиб чиққан буюк алломалар, олимлар ва мутафаккирлар бутун инсоният цивилизациясига улкан ҳисса қўшган.
Мен Тунисданман. Ўзбекистон ҳақида илк тасаввуримни бошланғич мактабда ўқиган пайтимда қўлимга тушган «Самарқанд» номли китоб орқали олганман. Самарқанд номи ўшандаёқ мен учун илм-фан, тарих ва маданият рамзига айланган эди. Бугун эса Ўзбекистонга келиб, унинг бой маданий муҳити, меҳмондўст халқи ва тарихий обидаларини ўз кўзим билан кўриш бахтига муяссар бўлдим. Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам буюк тарих ва буюк келажакка эга мамлакат, – деди Билел Шебби.
Шубҳасиз, “Андижон – туркий давлатлар маданият пойтахти” лойиҳаси нафақат Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб этиш, балки туркий давлатлар ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Хорижлик меҳмонларнинг самимий эътирофлари эса юртимизнинг жаҳон цивилизациясида тутган муносиб ўрни, Самарқанд, Бухоро ва Андижон каби азим шаҳарларнинг инсоният маданий меросидаги беқиёс аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.
Н.Раҳмонова,
З.Умурзоқов (видео), А.Аҳмедов (монтаж), ЎзА