Дарёдан қувват, қувватдан тараққиёт: кичик ГЭСлар Ўзбекистонга нима беради?
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Электр энергиясига эҳтиёж йилдан-йилга ортиб бораётган бир шароитда янги қувват манбаларини топиш масаласи ҳар қачонгидан долзарб. Бугун бу имконият фақат улкан электр станцияларида эмас. Баъзан тоғдан тушиб келаётган сой, қишлоқ ёнидан ўтадиган канал ёки йиллар давомида фақат суғоришга хизмат қилиб келган гидротехник иншоотда ҳам янги энергия манбаи яширин бўлиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёевга 19 август куни мамлакатда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тақдим этилди. Бундан асосий мақсад мамлакатда мавжуд сув ресурси ва инфратузилмасининг ҳали тўлиқ ишга солинмаган энергетик имкониятидан фойдаланиш, электр энергияси ишлаб чиқаришни истеъмолчига яқинлаштириш ва ҳудудларда қўшимча қувват манбаларини яратишдир.
Сув оқимидаги ҳали ишга солинмаган имконият
Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб ортиб борар экан, янги генерация қувватини яратиш муҳим вазифага айланяпти. Кичик ва микроГЭСлар бу борада ўзига хос ўрин тутади. Соҳа мутахассисилари қайд этганидек, уларни йирик ГЭСлардан фарқли равишда каналлар, ирригация тармоқлари, гидротехник иншоотлар ва кичик дарё-сойларда нисбатан тез ва камроқ харажат билан барпо этиш мумкин. Айниқса, тоғли ва тоғолди ҳудудларида сув оқими ва босими юқори бўлиб, бу кичик ГЭСлар учун қулай шароит яратади. Фарғона водийси каби суғориш каналлари тармоғи кенг ривожланган ҳудудларда эса микроГЭСлар учун алоҳида имконият бор.
Энергетика вазирлиги келтирган маълумотга кўра, мамлакатдаги дарё ва каналларнинг умумий узунлиги 173 минг километрдан зиёд. Айниқса, бетонлаштирилган каналларда кичик ва микроГЭСлар қуриш учун катта салоҳият мавжуд. Бу рақамнинг ўзи ҳам масаланинг кўламини кўрсатади. Яъни, янги қувват манбаларини яратиш учун ҳар доим ҳам бутунлай янги жойдан инфратузилма бошлаш шарт эмас. Мавжуд сув хўжалиги объектларининг энергетик имкониятини ўрганиш ҳам янги лойиҳаларга йўл очиши мумкин.

– Бугунги ёндашувнинг асосий ғояси ҳар бир дарё, сой ва каналнинг энергетик имкониятини ўрганиш, – дейди “Ўзбекэнерго” мутахассиси Равшан Байкулов. – Чунки мамлакат гидроэнергетика салоҳиятининг катта қисми ҳали тўлиқ ишга солинмаган. Кичик ва микроГЭСларни каналлар, ирригация тармоқлари, дюкерлар, гидротехник иншоотлар ва кичик дарё-сойларда нисбатан тез ва камроқ харажат билан барпо этиш мумкин.
Мазкур жараён кичик гидроэнергетикага нисбатан ёндашув ўзгараётганини кўрсатади. Энди асосий масала фақат йирик станция қуришда эмас, балки мамлакатдаги мавжуд сув оқимидан қаерда ва қай даражада қўшимча энергия олиш мумкинлигини аниқлашдадир.
Қувватни истеъмолчига яқинлаштириш нега муҳим?
Электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг ўзи соҳанинг бутун муаммоларини ҳал қилмайди. Уни истеъмолчига етказиш ҳам катта аҳамиятга эга.
– Кичик ва микро ГЭСларнинг муҳим жиҳатларидан бири электр энергиясини истеъмолчига яқин ҳудудда ишлаб чиқариш имконияти, – дейди Равшан Байкулов. – Бу электр энергиясини узоқ масофага узатишга бўлган эҳтиёжни қисқартиради. Натижада тармоқларнинг айрим участкаларидаги юклама ва электр энергиясини узатишдаги техник йўқотишларни камайтиришга хизмат қилади.
Шу маънода, кичик ГЭСнинг қиймати фақат унинг қанча мегаватт электр ишлаб чиқариши билан баҳоланмайди. Бу олис ҳудуддаги аҳоли пункти учун барқарорроқ электр таъминоти, маҳаллий тадбиркор учун электр энергиясига боғлиқ ишлаб чиқариш ва хизматларни ишончлироқ ташкил этиш, энергетика тизими учун эса марказий тармоқнинг айрим участкаларидаги юкламани камайтириш имкониятидир. Яъни, кичик станция бир вақтнинг ўзида ҳудуд, аҳоли, бизнес ва умумий электр тармоғи манфаатларига хизмат қилиши мумкин. Режалар катта. 2025–2026 йилларда жами 164 МВт қувватга эга 2 983 та микроГЭС қуриш режалаштирилган. Бу лойиҳалар орқали йилига тахминан 500 миллион кВт·соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Натижада 280 минг нафар аҳолини электр энергияси билан таъминлаш, қурилиш даврида 1 200 нафар, станциялар ишга тушгач эса 520 та доимий иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бир қараганда, бу кичик қувватли станциялар. Аммо қарийб уч мингта лойиҳа бирлашганда натижа бутунлай бошқача кўламга чиқади. Бу юз минглаб аҳоли учун қўшимча электр таъминоти, минглаб кишилар учун иш имконияти ва ҳудудларда янги иқтисодий фаоллик дегани.
Шу билан бирга, рақамлар соҳадаги асосий вазифа ҳали олдинда эканини ҳам кўрсатади. 2026 йил 19 август ҳолатига кўра, режалаштирилган лойиҳаларнинг бор-йўғи 64 таси, умумий 41,6 МВт қувват билан ишга туширилган. Демак, энди асосий масала фақат янги лойиҳаларни белгилаш эмас. Уларни амалга ошириш, қурилишни тезлаштириш ва самарали ишга тушириш ҳал қилувчи босқичга айланяпти. Соҳа мутахассиси ҳам ҳозирги асосий муаммо лойиҳалар сонида эмас, уларни амалиётга тез ва самарали ўтказиш механизмларида эканини қайд этади.
Яна бир жиддий масала ускуналарнинг импортга боғлиқлиги. Ҳозир микроГЭСлар учун зарур гидроагрегат ва бутловчи қисмларнинг тахминан 90 фоизи хориждан олиб келинади. Шунинг учун кичик гидроэнергетикадаги кейинги қадамни фақат “нечта станция қурилди?”, деган савол билан баҳолаш камлик қилади. Энди соҳанинг асосий саволлари “лойиҳалар қанчалик тез ишга туширилди, ускуналар билан таъминлаш қай даражада ҳал қилинди ва бу қувватлар амалда қандай самара берди?”дан иборат бўлади.
Кичик ГЭС хусусий инвестор учун ҳам янги имконият

Энергетикага инвестиция киритиш ҳар доим катта сармоя ва узоқ муддат билан боғлиқ бўлиб келган. Кичик ва микроГЭСлар эса хусусий инвесторлар учун нисбатан барқарор ва узоқ муддатли лойиҳа сифатида қаралмоқда. “Ўзбекэнерго” масъулининг техник-иқтисодий ҳисоб-китобга кўра, лойиҳанинг ўзини қоплаш муддати унинг қуввати, сув босими ва сарфи, қурилиш қиймати, ускуна нархи ҳамда электр энергияси тарифига қараб фарқ қилади. Умуман, 5-6 йиллик қоплаш муддати микроГЭСлар учун реал ориентир сифатида келтирилмоқда. Бу борада Ҳисорак кичик ГЭСи мисоли эътиборга молик. Унинг ўрнатилган қуввати 3,5 МВт, лойиҳавий йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 5,2 миллион кВт соат этиб белгиланган. Амалда эса 2025 йилда 10,4 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Албатта, битта лойиҳадаги натижани бутун соҳага татбиқ этиб бўлмайди. Аммо бу мисол сув-энергетика салоҳияти юқори, сув билан барқарор таъминланган ҳудудларда жойлаштирилган кичик ГЭСлар юқори самара бериши мумкинлигини кўрсатади. Демак, асосий масала ҳар қандай жойга станция қуриш эмас, тўғри жойни танлаш, сув ресурсини аниқ баҳолаш ва иқтисодий ҳисоб-китобни пухта қилиш лозим.
164 МВт яқин вазифа, 204,8 МВт кейинги марра
Кичик гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича вазифалар босқичма-босқич белгиланган. Яқин босқичда 2025–2026 йиллар учун 164 МВт қувватга эга 2 983 та микроГЭСни қуриш режаси бор. Кейинги марра эса 2030 йилгача кичик ва микроГЭСлар қувватини 204,8 МВтга етказишдан иборат. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, бунда йилига 620 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу орқали 350 мингта хонадонни яшил энергия билан таъминлаш, йилига 187 миллион куб метр табиий газни тежаш имкони яратилиши кутилмоқда.
– Бундай станциялар нафақат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш, балки генерацияни истеъмолчига яқинлаштириш орқали электр тармоқларига тушадиган юкламани енгиллаштириш ва узатишдаги йўқотишларни камайтиришнинг самарали воситаларидан бири ҳисобланади, – дейилади Энергетика вазирлиги берган маълумотда. – Айниқса, марказий электр тармоқларидан узоқда жойлашган аҳоли пунктлари учун бу муҳим аҳамиятга эга.
Дарёдан қувват, қувватдан тараққиёт
Бугун кичик ва микроГЭСларга нисбатан қараш ўзгармоқда. Кечагина энергетика имконияти сифатида баҳоланмаган кичик сой ёки канал ҳам тегишли ҳисоб-китоб асосида қўшимча генерация манбаига айланиши мумкин. Суғориш учун хизмат қилаётган гидротехник иншоот электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти нуқтаи назаридан ҳам ўрганилмоқда. Бу, албатта, ҳар бир канал ёки ҳар бир дарёга ГЭС қурилади, дегани эмас. Бундай қарор техник ва иқтисодий таҳлилни талаб қилади, аммо мамлакатнинг ҳали тўлиқ ишга солинмаган сув-энергетика салоҳиятига янги кўз билан қарашнинг ўзи муҳим ўзгаришдир.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА