Ягона криминоген маълумотлар платформаси ишга туширилади
Давлатимиз раҳбарининг “Республикада криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш соҳасида самарали рақамли назорат, таҳлил ва прогнозлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Ягона криминоген маълумотлар платформаси ишлаб чиқилади ва ишга туширилади.
Платформа орқали жиноятларнинг объектив ва субъектив сабаблари, масъул идоралар, мансабдор шахслар ҳамда бартараф этиш чораларининг электрон реестрини юритиш, кўрилган чоралар натижаларини инсон омилисиз ойлик, ярим йиллик ва йиллик назорат қилиш амалга оширилади.
Ҳудудлар, маҳаллалар ва жиноят турлари кесимида жиноятчилик динамикасини ярим йиллик ва йиллик прогноз қилиш ҳамда унинг натижалари асосида криминоген вазияти оғир ҳудудларга вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган чораларни назарда тутувчи хабарномалар юборилади.
Платформа 2027 йил якунига қадар Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида синов тариқасида ишга туширилиб, 2028 йилдан бошлаб уни республиканинг барча ҳудудларига босқичма-босқич жорий этиш чоралари кўрилади.
Ҳар йили аҳоли ўртасида миллий виктимологик сўров, аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончи бўйича ижтимоий сўров, ёшлар, вояга етмаганлар, аёллар, муқаддам судланган ва пробация ҳисобидаги шахслар, “қизил” тоифадаги маҳаллалар ҳамда бошқа масалалар бўйича манзилли криминологик тадқиқотлар ташкил этилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА