Огоҳлик тадбирлари кучайтирилмоқда
Куз-қиш мавсумида табиий газни аҳолига бир маромда етказиб бериш билан бирга ундан хавфсиз ва тежамкор фойдаланиш ҳам муҳим масала ҳисобланади.
Бугунги кунда Кармана туманида 30 мингдан ортиқ табиий газ истеъмолчиси мавжуд. Туман газ таъминоти бўлими ва ҳамкор ташкилотлар билан бирга маҳаллалар кесимида аҳоли ўртасида газдан хавфсиз фойдаланиш, газ билан боғлиқ ёнғин ва портлашлар олдини олиш мақсадида тарғиботлар ўтказиб келинмоқда.

Шундай тарғибот тадбирларидан бири туманнинг Зиёкор маҳалласида ташкил этилди. Ҳозирда маҳаллада 1 148 та табиий газ истеъмолчиси истиқомат қилади. Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида маҳаллада хонадонма-хонадон юрилиб, ис газидан огоҳлик, мавсумолди дудбуронларни тозалигига эътибор қаратиш, хонадонлардаги мўрконларни тўғри ва хавфсиз ўрнатилгани ва бошқалар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Газ плитасидан уйни иситиш мақсадида фойдаланмаслик, қўлбола, ностандарт газ печларини ишлатмаслик, уларнинг ис гази келтириб чиқариш ва зарарлари батафсил тушунтирилди. Шу билан бирга фуқароларга ис газидан огоҳликка доир эслатмалар тарқатилди.
– Бугун газ таъминоти бўлими ходимлари ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими вакиллари келиб, газдан хавфсизлик қоидаларига риоя қилиб фойдаланишимизни тушунтиришди, – дейди истеъмолчилардан бири Сурайё Сувонова. – Ис гази, унинг қандай келиб чиқиши, оқибатлари ҳақида маълумот беришди. Тўрт нафар фарзандим бор, ўзим ҳам болаларимга ис газидан огоҳ бўлиш тўғрисида, ҳушёр бўлишлари ҳақида доим айтаман. Газ ёки газ жиҳозлари ўйинчоқ эмас. Уларнинг хавфли оқибатларини билган ҳолда газдан тўғри фойдаланишимиз керак, албатта.

Тарғибот давомида дудбуронни нотўғри ўрнатган ёки ностандарт газ печларидан фойдаланиш ҳолатлари каби камчиликлар юзасидан фуқароларга огоҳлантириш берилиб, ҳолатлар бартараф этилишига ҳам эътибор қаратилди.
Бу каби тарғибот тадбирлари туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳам олиб борилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири