Олис ҳудуддаги тоза сув — инсон қадрининг муҳим мезони
Инсон учун энг оддий, аммо энг қадрли неъматлардан бири — тоза ичимлик сувидир. Унинг сифати аҳоли саломатлиги, турмуш фаровонлиги ва эртанги кунга бўлган ишонч билан бевосита боғлиқ. Айниқса, марказдан юзлаб километр узоқда жойлашган олис ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолини сифатли ва хавфсиз ичимлик суви билан таъминлаш бугунги кунда давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифалардан бирига айланган.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш, инсон қадрини улуғлаш, чекка ва олис ҳудудларда ҳам замонавий инфратузилма яратиш, энг муҳими, ҳар бир оилага муносиб турмуш шароитини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ичимлик суви таъминотини яхшилаш, мавжуд тармоқларни модернизация қилиш ва сув сифатини мунтазам назоратдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Бухоро вилоятида ҳам аҳоли саломатлиги ва санитария хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ичимлик суви сифати устидан тизимли назорат чоралари кучайтирилмоқда.
Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати масъул ходимлари ҳамкорлигида Пешку туманининг олис ҳудудларида аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сувининг сифати бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Бу галги ўрганиш манзили оддий ҳудуд эмас. Туман марказидан 200 километрдан ортиқ узоқликда жойлашган “Жонгелди” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди кенг яйловлари, ўзига хос турмуш тарзи ва табиий шароити билан ажралиб туради.

Маъмурий жиҳатдан “Сафрон”, “Қалъа Ота” ва “Жонгелди” қишлоқларидан иборат мазкур ҳудудда асосан қозоқ миллатига мансуб қардошларимиз истиқомат қилади. Бу ерда аҳоли чорвачилик, йилқичилик, қисман деҳқончилик ва тадбиркорлик билан шуғулланиб, юрт иқтисодиётига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Маҳаллада 162 та хонадон, 209 та оила ва жами 765 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг қаерда яшашидан, марказга қанчалик узоқда эканидан қатъи назар, сифатли ичимлик сувидан фойдаланиш ҳуқуқи бир хил. Зеро, инсон қадри масофа билан ўлчанмайди.
Ўрганишлар давомида “Жонгелди” маҳалла фуқаролар йиғини, “Жонгелди” қишлоғи ҳамда “Қалъа Ота” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларидаги ичимлик суви таъминоти тизимлари атрофлича кўздан кечирилди. Масъул ходимлар томонидан сув иншоотларининг ҳолати, сув тармоқларининг ишлаш жараёни ва аҳолига етказиб берилаётган сувнинг сифати билан боғлиқ масалалар ўрганилди.
Энг муҳими, масала фақат ташқи кўрик билан чекланиб қолмади. Аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сувининг ЎзМСт 133:2024 талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида ичимлик суви иншоотлари, сув тармоқлари ҳамда айрим аҳоли хонадонларидан лаборатория таҳлиллари учун сув намуналари олинди.
Олинган намуналар Бухоро вилояти Пешку тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати лабораториясига юборилди. Эндиликда сувнинг сифати бўйича аниқ хулоса лаборатория таҳлиллари асосида берилади. Таҳлил натижаларига кўра, мавжуд ҳолат юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланиб, қўшимча маълумотлар белгиланган тартибда Марказий аппаратга тақдим этилади.


Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳати шундаки, улар фақат йирик шаҳарлар ёки марказий ҳудудлар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Олис қишлоқ, кенг яйловлар бағридаги хонадон, марказдан юзлаб километр узоқдаги аҳоли ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Пешкудаги бу ўрганишлар ҳам ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодасидир. Чунки тоза сув — шунчаки коммунал хизмат эмас. У боланинг соғлом улғайиши, онанинг хотиржамлиги, кексаларнинг саломатлиги, бутун бир маҳалланинг фаровон ҳаёти демакдир.
Олис ҳудудда яшаётган инсон ҳам марказда яшаётган фуқаро каби сифатли хизматдан фойдаланишга ҳақли. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” тамойилининг асл моҳияти ҳам шунда — инсон қаерда яшашидан қатъи назар, унинг ҳаёти, саломатлиги ва муносиб турмуши давлат эътиборида бўлиши лозим.


Шу боис ичимлик суви сифатини назорат қилишга қаратилган бу каби ўрганишлар нафақат бугунги ҳолатни баҳолаш, балки келгусида муаммоларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини асраш ва олис ҳудудларда яшовчи юртдошларимиз учун янада қулай шароитлар яратишга хизмат қилади. Зеро, тараққиётнинг ҳақиқий мезони — марказдаги ободлик эмас, балки энг чекка манзилдаги инсон ҳам ўзини эътиборда ҳис қилаётганидир. Олис Жонгелдидаги ҳар бир хонадонга сифатли ичимлик суви етиб бориши эса инсон қадри улуғланаётган Янги Ўзбекистондаги эзгу ислоҳотларнинг энг ҳаётий кўринишларидан биридир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири